Эркин бозор йўлида монополистларнинг эксклюзив ҳуқуқлари бекор қилинади
Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига кириши бўйича 30 йиллик ҳаракатларини мақсадлардан амалий реалликларга кўчирадиган фавқулодда муҳим фармон эълон қилинди.
Фармонда дарҳол кўзга ташланадиган ўзгартириш бу тўртта йирик монополистик тузилмаган қонунчилик билан тақдим этилган эксклюзив ҳуқуқларнинг бекор қилинаётгани ҳисобланади.
Демак, 2025 йил 1 январдан бошлаб:
“Ўзметкомбинат” АЖнинг республика ҳудудида қора металл ломи ва чиқиндиларини тайёрлаш (харид қилиш) ҳуқуқи;
“Ўзиккиламчиранглиметалл” АЖнинг республика ҳудудида рангли металл ломи ва чиқиндиларини тайёрлаш ва экспорт қилиш ҳуқуқи;
“Ўзтрейд” АЖнинг консигнация шартларида озиқ-овқат уни ва буғдойни, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, деҳқон ва фермер хўжаликлари маҳсулотларини банк кафолатлари ёки сиёсий ва тижорат хавфларидан экспорт шартномаларини суғурталаш полисларини тақдим этмасдан экспорт қилинадиган маҳсулотларни савдо уйлари манзилларига тушириш ҳуқуқи;
“Ўзкимёимпекс” МЧЖнинг “Ўзкимёсаноат” АЖ ташкилотлари кимёвий маҳсулотлари экспорти ҳамда уларнинг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, хомашё
ва материаллар импортини амалга оширишдаги ягона агент ҳуқуқи бекор қилинади.
Бу ҳаммаси эмас. Янги даврда ўзимиз ўз қўлимиз билан энергетика соҳасида "бозорга ўтамиз дея" яратган янги монополистларнинг махсус ваколатларидан ҳам воз кечилади.
2026 йил 1 июлдан бошлаб:
“UzGasTrade” АЖнинг табиий газни ягона экспорт қилувчи ва импорт орқали ташқи манбалардан марказлашган тартибда харид қилиш бўйича ягона оператор сифатидаги ҳуқуқи;
“Ўзэнергосотиш” АЖнинг электр энергиясининг экспорти ва импортини марказлашган тартибда амалга ошириш ҳуқуқи тугатилади.