1781Telegramda ochish

Muhrim / Муҳрим kanalidan

Адам ва ойим шаҳар ташқарисидаги ҳовлида эдилар, карантин вақти “дом”да юраклари сиқилиб кетди (“домчилик”, нима дейсиз). Кеча оқшом адамлар билан гаплашгандим, “мошинада одам олиб юришга рухсат берибди-ку, якшанба куни бизни уйга олиб бориб қўйсанг бўларди”, дегандилар. Хушкайфиятда хайрлашгандик (бир шаҳарда яшаб, адам билан ойимни 15 мартдан бери кўрганим йўқ, карантин сабаб). Бир ухлаб турсам, ҳаммаёқда: “таксида йўловчи ташиш ҳали мумкин эмас, машинада фақат машинанинг эгасигина юриши мумкин”, деганга ўхшаш гаплар. Хафсалаларим пир бўлди. Бу давлат кеча нима деганди-ю, бугун нима деяпти? Халқ аҳмоқми? Кеча “таксида юриш мумкин экан” деган гап қанчалик узоққа тарқалиб бўлганини, бу гапга ишониб бугун ҳам, эртага ҳам, индинга ҳам қанча одам кўчага чиқишини ўйлайдими булар? У ёки бу ҳуқуқбузарлик учун жазолашни, ҳали жазоси йўқ замонавий “ҳуқуқбузарликлар” учун у ёки бу кодексга жаримали моддалар ёзишни, “фейк ахборот учун жарима тўласин” дейишни боплайдиган давлат, унинг органлари қовун туширганида ҳам ўзини ҳам жазолаши керак, жавобгарликни елкасига олиб, “ҳа, чичиб қўйдик яна”, дейишни билиши керак (узр, лекин ҳозирги ҳолатга бошқача таъриф йўқ). Кейин, ҳалиги Махсус комиссия нима ўзи? Қонунийми у? Унинг қарорлари-чи? Қарор чиқаряптими ўзи у ё фақат йиғилиш протоколи? Улар ҳам қонунийми? Қайси қонун бўйича қонуний? Қонунга кўра, бажарилиши ҳамма учун мажбурий ҳужжатлар расмий манбаларда, масалан, “Лекс.уз”да ё “Халқ сўзи”да эълон қилиниши керак, ярим тунда қанақадир Телеграм-каналда эмас, тўғрими? Ё ўша Телеграм-канал мақоми энди “Лекс.уз” билан бирми? Агар бу Махсус комиссия қонуний бўлса, унинг қарорлари (ёки йиғилиш протоколлари) ҳам қонуний бўлса, у ҳолда нега бу ҳужжатлар расмий манбаларда эълон қилинмаяпти? Нега, онасини эмсин, бугун ўша Махсус комиссияга орқа қилиниб “рухсат” дейилган гап эртасига яна ўша Махсус комиссияга асосланиб “рухсат эмас”, дейиляпти? Бирорта мустақил, МУСТАҚИЛ ҳуқуқшунос тушунтириб берса яхши бўларди буларнинг барини. Ҳаммамиз тушунамиз, бунақа пандемияни кўрганлар аллақачон 100 ёшдан ошган, тайинли маслаҳат бера олмайди; тушунамиз, Бухорода “илгари кузатилмаган” табиий офат бўлди; яна тушунамиз, кимларнингдир ҳовлилари 100 баллик зилзилада ҳам бузилмайдиган қилиб қурилиши учун Сирдарёда битта тўғон сифатсиз қурилган, шу боис кеча “Ўзбекистон Катринаси”га гувоҳ бўлдик. Лекин, барака топкурлар, барибир сал тартиб керак. Гўёки иқтисодиётни қутқариш баҳонасида одамларнинг ишга бориб-келишига рухсат бериб, сўнг “таксига ҳам, машинада йўловчи ташишга ҳам рухсат йўқ”, дейиш — мантиқсизлик; баъзиларга машинани бор-йўғи ниқоб тақиб ҳайдашига ҳам, худди шу ҳолида машинасида йўловчи ташишига ҳам рухсат бериб, овқат ташувчи доставкачилардан “скафандр”га киришни сўраш ҳам мантиқсизлик. “Мантиқ” деган жойини ёқинглар, илтимос. Ва битта изоҳ бўлса яхши бўларди — ота-онамни якшанба куни Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига машинада олиб келишим мумкинми, стикерсиз?

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin