"100 млрд.доллардан ошган" ЯИМ ҳақида
Статагентлик 2023 йил учун Ўзбекистон Республикаси ЯИМ ҳажми АҚШ доллари эквивалентида 10,7 миллиард долларга қўшимча ҳисоб-китоб қилингани ва амалдаги 90,9 миллиард доллардан 101,6 миллиард долларга етганини эълон қилди.
Албатта, яширин иқтисодиёт ҳажмини баҳолаш биринчи марта юз берганини ва амалга оширилганини олқишланиши керак. Чунки шу пайтгача яширин иқтисодиёт ҳақида гап кетганда турли космик рақамлар (ЯИМга нисбатан 30, 40 ва ҳатто 50 фоизгача) келтирилар ва бунинг негизида бирон-бир жиддий ҳисоблар ётмасди. Демак, 2023 йил якунларига кўра, яширин иқтисодиёт улуши расмий иқтисодиётга нисбатан 9,3% (99,6 трлн.сўм), норасмий иқтисодиётнинг улуши эса 2,4%ни (26,0 трлн.сўм) ташкил этган.
Шу билан бир вақтда "ЯИМ 100 млрд.доллардан ошди" қабилидаги баёнотлардан жуда эҳтиёт бўлишга тўғри келади.
Биринчидан, умумқабул қилинган принципларга кўра, ЯИМни ҳисоблашда яширин иқтисодиёт ҳисобга олинмайди. Яширин иқтисодиёт баҳоланади (Президент фармонидаям айнан баҳолаш вазифаси қўйилган, яширин иқтисодиёт ҳажмини расмий ЯИМга қўшиб ҳисоблаш эмас). Агарки, қайсидир биз каби камбағал давлатда бундай тажриба бошланган бўлса, бу хос тажриба холос, умумқабул қилинган амалиёт эмас.
Иккинчидан, ўзи яширин ёки норасмий бўлган иқтисодиётнинг ўсиш суръати қандай ўлчанади ва ЯИМга қўшилади, ахир расмий иқтисодиётдан фарқли ўлароқ норасмий ва яширин иқтисодиёт ва ундаги қўшилган қиймат ўта динамик ҳаракатда бўлади. Макроиқтисодий прогнозлар қандай шаклланади? Яширин иқтисодиётнинг ўсиши ҳам прогнозга қўшиладими? Шу маънода агар расмий ЯИМга қўшилса, балки яширин ва норасмий иқтисодиётнинг фақат оқартирилган қисми қўшилиши керакдир?
Учинчидан, статистика тўғри тўғри иқтисодий қарорларга эмас, авторитар режимнинг пиар мақсадларига хизмат қиладиган мамлакатларда турли тажрибалардан жуда эҳтиёткор бўлишга тўғри келади. Балки кимдир эслар, 2010 йилда Ислом Каримов Мустақиллик байрами билан боғлиқ табрикда Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 500 долларга етганини эълон қилган (статистика ва методология шунга қараб мосланган). Хавотирлар шуки, жон бошига 4 минг долларлик ЯИМга етиш бўйича том маънода эзгу, лекин эришиш оғир мақсадга шундай йўллар билан етмаймизми? Ўзбекистон 2030 йилда 160 млрд.долларлик ЯИМга эга иқтисодиётга айланадими ё 140 млрд.долларлик иқтисодиёт ва унинг ёнида 20 млрд.долларлик норасмий ва яширин иқтисодиёт мавжуд, деган баёнотларга рўпара қилинамизми?