Нархи 4 млрд.долларгача шиширилган GTL заводи дизель импортини каррасига ошириш учун қурилганмиди?
Божхона қўмитаси тақдим этган маълумотлар одамни даҳшатга солади. Ўзи қаёққа кетаяпмиз, деган хавотирли саволлар туғдиради.
Ҳалигача коппор зарарда ўтирган, каррасига қимматлаштирилган Uzbekistan GTL заводи қурилишини заруриятини шонли энергетиклар арзон ва етарли миқдорда дизель ёқилғиси ишлаб чиқариш билан ҳимоя қилишган эди. Қарангки, 4 млрд.доллар совурилганига қарамай, на арзон, на ички истеъмолни қоплайдиган дизелга эга бўлдик.
2022 йилнинг дастлабки 6 ойи билан солиштирганда 2024 йилнинг 6 ойида Ўзбекистонга дизель импорти 7,7 баробарига кўпайган.
Маълумот учун, Uzbekistan GTL заводи дизель ишлаб чиқаришни 2022 йил 29 июнда бошлаган.
Савол туғилади: GTL завод ўзи нима учун қурилганди? 4 млрд.доллар совурилгани етмагандек, яна ҳар йили юзмиллионлаб долларга дизель импорт қилиш учунми? Шу эмасми энергетик диверсия?
Кимдир сўроқ савол қилинадими?
Ҳукуматдаги импортни чеклаш ишқибозлари балки эътиборларини ёқилғи-энергетикадаги лойиҳаларнинг самарасизлиги яратган импортга қарамлик омилига қаратишар?