Суюқ ёқилғи (пропан) импорти 14 каррага ошган
Божхона қўмитаси импорт қилинаётган 31 гуруҳдан иборат 722 турдаги истеъмол товарлари рўйхати ва ҳажмини очиқлай бошлади. Албатта бу қадамни олқишлаш керак, навбатдаги қадам барча товар ва хизматлар бўйича ташқи савдо статистикасини бериб борилиши билан боғлиқ бўлиши зарур. Чунки аҳоли ҳам, бизнес ҳам ташқи савдо бўйича етарли, кенг ва чуқур маълумотларга эга бўлишга ҳақли.
Тақдим этилган маълумотлар ичида дарҳол кўзга ташланадиган бу ёқилғи-энергетика ва нефть маҳсулотлари импорти билан боғлиқ. Афсуски охирги 7 йилда, Ўзбекистон энергетикасининг тубга қараб индирилгани импортга, айниқса агрессор бўлган мамлакатдан импортга қарамликни яратди. Вазият ёмонлашаётган бўлса ёмонлашмоқдаки, асло яхшилангани йўқ.
Қарангки, охирги 6 ойда суюқ ёқилғи (бу асосан пропан ва бутан) импорти 14 каррага ошган. Импорт ошгани билан нархлар тушиб қолдими? Йўқ. Пропан нархлари ҳар куни рекордни янгиламоқда (кеча тоннаси 8,3 млн.сўмдан ошган). Демак, ё пропан ишлаб чиқариш деярли тўхтаб қолган ёки яққол тил бириктириш юз бермоқда. Маълумот учун, пропаннинг бир килоси 37 центдан импорт қилинган (бу килоси 4800 сўм, литри 2500 сўм дегани).
Яна бир қизиқ тенденция мазут импортининг 2 баробардан кўпга ортгани билан боғлиқ. 6 ойда қарийб 300 млн.долларлик мазут импорт қилинган. Келаётган куз ва қишда газ ўрнига мазут ёқилиши ўтган мавсумдан ҳам кўпайишига ишорами бу? Демак, ўтган мавсумдаги экологик ҳолат яна каррасига ёмонлашади.
- https://telegra.ph/file/26ad2c4721bffed65c601.jpgtelegra.ph
- https://customs.uz/rucustoms.uz
- https://t.me/uzexuz/6539@uzexuz