Имтиёзли кредитлар мазасини воситачи таъминотчилар тотаётгани ҳақида
Оилавий тадбиркорлик учун ажратилган кредитлар ҳисобидан товар ва хизматларни фақат корчалонларга тегишли воситачи таъминотчилардан қимматига эмас, исталган жойдан, истаса нақдга, истаса пул ўтказиб, истаса чет олдан олиш танловини бериш тўғрисида жуда кўп ёзганмиз.
Ўзи умуман охирги 7 йилда имтиёзли кредитлашдан, бу қорамолга кредит ажратишми, товуққами, иссиқхонагами, кўчатгами, фарқи йўқ, манфаат кўрган шу муттаҳам ўртамчилар бўлди. Давлат ҳам, кредит олганлар ҳам фойда кўргани йўқ. Триллионлаб қарзлар "сомса емаганлар" бўйнида осилиб ётипти, ҳар йили триллионлаб кредитлар "списать" қилинмоқда.
Қарангки, Рақобат қўмитаси шу масала эътибор қаратиб, ўрганишлар олиб борипти.
Қайд этилишича, имтиёзли кредитлар ҳисобидан сотиб олинган юк мототранспорт воситалари маркасига қараб ўртача бозор нархи 29,0 млн.дан 31,0 млн. сўмгача бўлган, аммо 33,0 млн. сўмдан етказиб берилган. Бу бозор нархига нисбатан 2,0 -3,5 млн. сўм қиммат эканлиги кузатилган.
Музлатгичлар ички бозордаги ўртача нархи 6,0 млн. сўмни ва кредит маблағлар ҳисобига 7,5 млн. сўмгача нархда етказиб берилган. Нарх тафовутлари 1,5 млн. сўмгача эканлиги кузатилган.
Тикув машиналарининг ҳар бири 1,3 млн. сўмгача қимматроқ нархда етказиб берилган. Аслида уларнинг ҳудуддаги ички бозор нархи 4,7-5 млн. сўмгача бўлган.
Рақобат қўмитаси сал орқага қайтиб, ўрганиш ва таҳлилларини давом эттирса, аввалги йилларда муттаҳқам воситачилар томонидан 5 минг сўмлик кўчатлар 25 минг сўмдан, 30 минг сўмлик товуқ 100 минг сўмдан, 10 млн.лик бузоқлар, 20 млн.сўмдан ўтказилганига ҳам гувоҳ бўлган бўларди. Жуда кўп ҳолларда бу ишларнинг бошида ҳокимларнинг ўзи турган. Яъни, 2017 йилдан буёғига ҳар йили триллионлаб маблағлар шу тарзда ўзлаштириб келинган ва имтиёзли кредитларнинг имтиёзлилигининг заррача маъноси қолмаган. Энг ажабланарлиси, имтиёзли кредитлашда бузуқ тизимнинг танловсиз воситачилари ўғри ва бузуқлигини тумандаги раҳбарлардан тортиб Тошкентдаги каттаконларгача ҳамма билган.
- https://t.me/RaqobatGovUz/9230@RaqobatGovUz