UNG Petro учун рақобатдан ташқари алоҳида имтиёзлар борми?
Аслида ўтган йили декабрда яширин тарзда "хусусийлаштирилган" ва ёпиқ келишувларда "совға қилингани" жамоатчиликка шу йил февралда маълум бўлиб қолган Ўзбекистондаги энг йирик заправка тармоғи UNG Petro хусусий қўлларга ўтганидан кейин ҳам аввалги имтиёзларидан фойдаланиб келаётган бўлиши мумкин.
Масала шундаки, UNG Petro "хусусийлаштирилганидан" кейин 80 шиптир лақабли бензин олиш учун биржа савдоларида иштирок этаётгани йўқ. Унда UNG Petro 80 бензинни қаердан олаяпти? Ахир компания заправкаларида импорт эмас, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг, яъни Ўзбекнефтегазнинг 80 шиптири сотилмоқдаку.
Нега Ўзбекистондаги қолган заправкалар биржадан монополистларнинг қимматлаштирилган 80 шиптирини сотиб олишга мажбур, UNG Petro учун бошқа имтиёзли қоидалар?
Унданам қизиғи, биржада 80 шиптирнинг нархи 10 минг сўмга қараб кетаяпти. Бу солиқ, сақлаш ва ташиш харажатлари билан 80 шиптир 7 200 сўмдан арзон сотилса, заправка зиёнига ишлайди дегани. Ростанам, исталган бошқа заправкада 80 шиптирни 7 500 сўмдан арзон топа олмайсиз. Унда "хусусий" UNG Petro қандай қилиб 80 шиптирни 6 900 сўмдан сотмоқда? Қайси имтиёзлар ҳисобига?
Бундай ҳолат Ўзбекнефтегаз 80 шиптирни UNG Petro учун ҳалигача биржага чиқармай, тўғридан тўғри сотаётган ва бошқа имтиёзлар бўлсагина имконли.
Айтишларича, "хусусийлаштирилган" UNG Petro учун рақобат қоидаларига зид равишда имтиёз ва лазейкалар қолдирилганидан Рақобат қўмитаси бехабар бўлиши мумкинмас. Лекин қўмита жим. Балки "қизил чизиқлар" UNG Petro'га қарши антимонопол маҳкама очишга имкон бермас?
P.S. Хусусийлаштирилганига яқинда бир йил бўладиган UNG Petro шу пайтгача Ўзбекнефтегазнинг қисқартирилган номи, бренди ва бренд рангларидан фойдаланишда давом этмоқда. Бунинг учун "очил дастурхон" Ўзбекнефтегаз қанақадир ҳақ олмоқдами? Ё швейцарияликми, кипрликми, гонгонгликми бўлган валийнеъмат эмисарига совға қилинган конлардан тортиб, улуш, завод ва омборхоналар билан бўлгани каби, "олаверинглар, камайиб қолмайди" қабилида иш тутилмоқдами?
- https://telegra.ph/file/0d8e31547e20c07663b9a.jpgtelegra.ph
- https://t.me/the_bakiroo/7888@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/7802@the_bakiroo
- https://t.me/uzexuz/6671@uzexuz