Олтин 2 670 долларгача сакради
Бу 2024 йилдаги бюджетимизга киритилган ҳисобдан 870 доллар қиммат дегани. Турли инвестбанклар сиёсий ва иқтисодий ноаниқликлар шароитида йил охиригача олтин котировкалари 2 700 долларгача, ҳатто 3 000 долларгача кўтарилишини ҳам истисно этишмаяпти.
Олтиннинг қимматлашиши бераётган қўшимча даромадларни ишлатиш эмас, жамғариш ҳақида қайғуриш олтин нархи тушаётганида эмас, ошаётганида муҳокама этилиши керак. Чунки олтиннинг котировкалари ўрта муддатларда тарихий максимумларни тарихий минимумлар билан жуда тез алмаштиради.
Масалан, олтин 2008-2012 йилдаги кўтарилиш циклида 700 доллардан 1800 долларга ошган бўлса, кейинги тўртйилликда 1100 долларгача тушган ва шу билан паст нархлар 2020 йилгача сақланган. 2020 йилда бошланган навбатдаги кўтарилиш цикли ниҳоясида биз яна узоқ муддат паст нархларга рўпара келишимиз эҳтимолини инобатга олиш керак бўлади. Нарх ўзгаришларига нисбатан ўта сезгир иқтисодиётимиз ва бюджетимизни бардошлилиги фақат узун захиралар ва жамғармалар билангина мустаҳкамланиши мумкин.
Дарвоқе, шу кунларда келаси йилга бюджет шакллантирилмоқда ва эҳтимолки, ҳозирда охирги ҳисоб корректировкалари кетмоқда. Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси ва бюджетнома Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, қоида тариқасида, жорий йилнинг 15 октябридан кечиктирмай Ҳисоб палатасининг хулосаси билан киритилиши керак.