Яна ҳоким ёрдамчилари ҳақида
Пайдо бўлганининг учинчи йилига келганида ҳоким ёрдамчилари яна бир бор, бу сафар учинчи марта вазирлик бўйсунувини ўзгартирмоқда.
Аввалроқ, шу йил ёзда камбағалликни қисқартириш билан боғлиқ вазифалар ижтимоий ҳимоя тизимига уйғунлашиши эълон қилингач, микроменежментга асосланган ҳоким ёрдамчилари институти ўрнини ижтимоий ҳимоя билан машғул профессионаллар эгаллайди, деган умид пайдо бўлганди.
Лекин бу сафар ҳам, гарчи Маҳаллабай агентлиги тугатилаётганига қарамай (ниҳоят тўғри қарор), 8 мингга яқин ҳоким ёрдамчилари Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига ўтказилмоқда.
Мен тушунаман, ҳоким ёрдамчилари орасида яхши собиқ банкирлар, яхши собиқ солиқчилар, молиячилар бор. Улар ўзларини ўзларининг соҳасида кўпроқ реализация қила олган бўлардилар деб ўйлайман. Кимдир ўтган 3 йилда тайёр тадбиркорга айланди. Шу билан бирга вазият 3 йил аввалгидек ҳам эмас. Ижтимоий реестр базаси аллақачон шаклланган, ер ва мулк кадастри, автомобиль, кредит тарихи, солиқ, МИБ, суғурта, ижтимоий ёрдамлардан тортиб шахс, унинг телефон ва ижтимоий тармоқлардаги хулқ-атворигача ахборотларни жамлаш ва қайта ишлаш имкони пайдо бўлди. Яъни рақамлаштириш қамрови ва чуқурлиги камбағаллик билан боғлиқ ахборотларни инсон иштирокисиз қайта ишлашга имкон беради.
Шу билан бирга юқори даражада коррупциялашган занжирларнинг энг қуйи бўғинида қолган ҳоким ёрдамчилари воситачи ва навбатчи айбдорга ҳам айланиб бормоқда.
Балки мана энди ҳоким ёрдамчиларига 3 йиллик меҳнатлари учун раҳмат айтиб, озодликка қўйиб юбориш пайти келгандир?
- https://t.me/the_bakiroo/3463@the_bakiroo