Ҳоким ёрдамчилари ўрнини рақамлаштириш эгаллайдими?
Кечаги қарорнинг миллиард у ёққа, триллион буёққа қисмидан ташқари фавқулодда муҳим бўлган қисми бор. У ҳам бўлса, давлат дастурлари бўйича бутун кредитлаш жараёнини рақамлаштириш.
Демак, агар Давлат раҳбарининг топшириғи ўз вақтида бажарилса,
2024 йил 1 июлдан бошлаб:
кредит ажратишнинг барча босқичлари (аризани кўриб чиқиш, қарор қабул қилиш, кафиллик бериш ва кредит ажратиш) рақамлаштирилган ҳолда электрон платформаларда амалга оширилади;
кредит таъминотларини назорат қилиш, гаровга олинган мулкларни тақиқдан тўлиқ ёки қисман чиқариш ҳамда алмаштириш жараёнлари электрон платформалар орқали марказлашган ҳолда ташкил қилинади;
ахборот технологиялари ёрдамида мижозлар бизнес-режалар асосида фаолият юритиши, пул оқимлари ва бошқа кўрсаткичларини таҳлил қилиш орқали хатарларни олдиндан аниқлаш механизми амалиётга киритилади;
давлат дастурлари доирасида туман (шаҳар) ва маҳаллаларга ажратиладиган кредитлар ҳажми юзага келган муаммоли кредитлар улушидан келиб чиқиб белгиланади.
Бугун шу вазифалар маъмурий бюрократик тарзда, юқори даражада коррупциялашган занжирлар иштирокида ва энг ёмони бошида "сеҳрли таёқча" дея кўрилган ҳоким ёрдамчилар иштирокида рўй бермоқда. Ўзи савол туғилади, барча дафтарларни ўз ичига олган Ижтимоий реестр базаси шаклланган бўлса, ер ва мулк кадастри, автомобиль, кредит тарихи, солиқ, МИБ, суғурта, ижтимоий ёрдамлардан тортиб шахс, унинг телефон ва ижтимоий тармоқлардаги хулқ-атворигача ахборотларни жамлаш ва қайта ишлаш имкони бўла туриб ҳоким ёрдамчиларини нега урчитдик ўзи? Ижтимоий табақа ё кичик бизнесини бошлаётганлар ҳоким ёрдамчиларига қарам ва тобе бўлиши учунми?
Мен умид қиламан, мазкур қарорнинг давоми ўлароқ яна битта қарор чиқади ва шу билан бюджетимизга ҳар йили бир неча юз миллиард сўмлик бухгалтерия зиёни келтираётган ҳоким ёрдамчилари институтидан тўлиқ воз кечилади.
Яна бир умидим, Бизнесни ривожлантириш банкини навбатдаги Микрокредитбанкка айланиб қолмаслиги билан боғлиқ. Бизга иккита Микрокредитбанкнинг нима кераги бор? Биттасининг зиёниям етиб ортади, тўғрими?