Давлат банклари тайёргарлик кўрсин: мажбурий захиралаш талаблари қатъийлаштирилади
Банк тизими мажбуриятларининг долларлашуви даражасини пасайтиришга қаратилган чора-тадбирларни давом эттириш ва тижорат банклари учун мажбурий захиралаш меъёрини халқаро тажриба асосида такомиллаштириш мақсадида 2025-2030 йилларда тижорат банклари мажбуриятларини мажбурий захиралаш талаби билан қамраб олиш даражасини босқичма-босқич ошириб бориш, тижорат банкларига қўшимча юкламани пасайтириш мақсадида хорижий валютадаги мажбуриятлар бўйича мажбурий захиралаш талабини мос равишда пасайтириш, хорижий валютадаги мажбуриятлар бўйича мажбурий захиралаш талабини банкларнинг ихтиёрига кўра миллий ёки хорижий валютада шакллантириш имкониятини яратиш кўзда тутилмоқда.
Бугунги кунда, мажбурий захиралаш талаби доирасидаги маблағлар тўлиқ вакиллик ҳисобварағида шакллантирилмоқда. Яъни мажбурий захиралар ҳажми ўртачалаш коэффициентини 100%га етказилиши орқали тўлиқ банкларнинг ўз ихтиёрига қайтариб берилган.
2024 йил ярим йиллиги ҳолатига банк тизими мажбуриятларининг 56%и мажбурий захирага тортилмаган. Хорижий валютадаги депозитлар бўйича меъёрнинг юқори бўлишига қарамасдан мажбурий захиралаш базасига фақат депозитлар кириши ҳамда бошқа банк мажбуриятлари мажбурий захиралашга тортилмаслиги меъёрнинг самарадорлик даражасини пасайтиради. Барча банк мажбуриятларининг мажбурий захиралаш базасига қўшилиши мажбурий захиралаш талабини жорий ҳажмда сақлаб қолган
ҳолда хорижий валютадаги мажбуриятлар бўйича меъёрни 6 фоизгача пасайтириш имконини беради (ҳозирда 14%).
Марказий банк томонидан халқаро молия институтлари ва хорижий марказий банклар экспертлари билан биргаликда мажбурий захиралаш инструментини жаҳон стандартларига мувофиқлаштириш чоралари ишлаб чиқилмоқда.
Тижорат банклари, айниқса ташқи кредит линиялари ҳамда давлатнинг марказлашган ресурсларига (ФРРУ ва Молия вазирлиги) қарам бўлиб қолган давлат банклари захиралаш талаблари ушбу мажбуриятларга ҳам жорий қилинишига тайёр бўлишлари керак.
Турли ташқи ресурслар, кредитлар ва депозитлар кўринишидаги мажбуриятларнинг баравар захирага тортилиши рақобат муҳитига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Ўзбек чиновникларининг охурига айланган боқиманда ва зараркунанда давлат банкларининг нархи ва самарадорлигига қарамасдан ташқи қарз ва кредитларга муккасига кетишини тийиб туради.