Яна бир ортга қайтиш: “Маҳалла банкирлиги” маъмурий юкламаси хусусий банкларга ҳам тақсимланмоқда
Туманларда маҳалла банкирлари фаолиятини йўлга қўйиш тўққизта давлат банки учун вазифа қилиб қўйилган, улар учун 1 миллиард доллар кредит ресурслари ажратилган ва мавжуд 10 мингга яқин маҳаллалар улар ўртасида тақсимланган эди.
Ўтган ҳафтада маҳаллаларнинг тақсимланиши қайта кўриб чиқилган ва энди “маҳалла банкирлари” ишини йўлга қўйишга хусусий банклар ҳам “ихтиёрий-мажбурий”равишда қўшилган. Хусусий банклар уларнинг бўйнига мажбурий илинган маҳаллаларда ёрдамчи агентлар ҳам жалб қилиши керак.
Маҳалла банкирлиги унинг маъмурий-ижтимоий юклама экани ва банкка хос бўлмаган вазифалар экани ҳисобга олинса, хусусий банклар учун қўшимча хатарлар, триллионлаб беҳуда харажат ва активларнинг сифатсизлантириш дегани. Қолаверса, бу ҳаракатлар ўзи бусиз ҳам жозибадорлиги пасайиб бораётган банк бозорига бўлган инвесторларнинг қизиқишини биратўла ўлдиради. 5 йилдан бери “хусусийлаштирилиши” кечикаётган банкларнинг сотилиши ҳақида ўйламаса ҳам бўлади ёки уларни “хусусийлаштириш оталарининг” схемалари асосида қайсидир чўнтакларга бир тийин нархида совға қилишга тўғри келади. Мен ўйламайман, асл мақсад ўзи шу деб. Чунки банк тизимида соғлом ақл эгалари ҳарқалай йўқ эмас.
Қолаверса, хусусий банкларга маҳаллаларнинг бўлиниши ҳайрон қолдиради. Қайсидир хусусий банкка юзлаб маҳалла, қайсидир хусусий банк балки дўст ва қардош деб топилиб, вақтинча маҳалла юкламасидан вақтинча озод қилинган. Албатта, бу билан қолган хусусий банкларниям кўзи ўпириб, бошига қозиқ қоқилсин, дейилмаяпти. Лекин юз берган тақсимот бу қип-қизил маъмурий коррупция ёки коррупцияни рағбатлантирувчи ишора.
Эътиборлиси, аввал ҳам шу каби триллионлаб кулфат келтирувчи хатоларга йўл қўйилган, лекин қисман тўғирланган. Масалан, янги давр кулфатига айланган оилавий тадбиркорлик учун давлат банкларига қўшиб, бошида хусусий банклар ҳам жалб қилинган, лекин бир йил ўтмай, хусусий банклар бу юкламадан озод қилинган эди. 7 йил давомида давлат банклари бу жараёнда триллионлаб зарар кўрган, ҳозиргача триллионлаб кредитлар ҳар йили “списать” қилинади. Бу асосан коррупцион манбаларни озиқлантирган самарасиз лойиҳа бўйича сиёсий, иқтисодий ва молиявий якунлар ва тегишли хулосалар ясалгани йўқ.
- https://t.me/the_bakiroo/9419@the_bakiroo