Банкларнинг кўчмас мулкка муккасидан кетиши янада тезлашадими?
Давлат банклари охирги йилларда юзлаб миллион долларлик қиммат бинолар қурувчи, қуриб, зарарига сотувчи ўртамчи агентларга айланиб қолгани ҳақида жуда кўп ёзилди. Айрим бюрократик-олигархик гуруҳлар биноларни арзонгаров эгаллашда айнан давлат банкларидан очиқчасига фойдаланишга ўтишган.
Энди хусусий банклар (кеча тухумдан чиққанлари ҳам) ҳам кўчмас мулк бозорига фаол кириб келишни бошлашмоқда. Банкларнинг девелоперлардан мулкларни тўғридан-тўғри сотиб олиш ва ижара ёки лизингга бериш таклифи амалга кўчса, банкларнинг кўчмас мулк бозорига муккасидан кетиб шўнғиши янада тезлашади.
Амалдаги қонунчиликка кўра, ижара даромадини олиш ва капитал ўсиши учун ёки ҳар икки мақсад учун мўлжалланган кўчмас мулклар банк фаолиятини амалга ошириш учун зарурияти мавжуд бўлмаган активлар ҳисобланади. Яъни банклар бундай мулкларни сотиб олишдан тийилишлари керак.
Агар қурилиши якунланмаган, амалга оширилган харажатлар бинолар қийматига қўшилмаган ҳолатлар, гаров ҳисобидан ундирилган кўчмас мулклар ҳисобга олинса, қатор банклар аллақачон белгиланган пруденциал чегараларни бузишмоқда. Банклар кўчмас мулкларга эгалигини шўъба ва тобе корхоналар тузиш, уларни кредитлаш орқали яширишмоқда. Бинолар қурилиши қиммат қарз маблағлари ҳисобига молиялаштирилаётгани, қимматлаштирилган пудрат пул чиқариб олиш ва ўзлаштириш схемасига айлангани алоҳида муаммо. Фаолияти кўчмас мулкка боғлиқ субъектларнинг муаммоли кредитларини тинимсиз қайта молиялаштириш авжига чиққан. Банк балансига олинган мулкларнинг яна шу банкнинг банк кредити ҳисобига сотиш одатий амалиётга айланиб бўлган. Яъни, банкларнинг кўчмас мулк билан боғлиқ амалиётларга шўнғиб кетиши ортидан бозор аллақачон қизиб кетиб бўлган.
Тижорий кредитлашнинг тобора қисқариб, нархи қимматлашиб бораётгани илдизлари, ликвидлик дефицити муаммолари омиллари хусусан банкларнинг кўчмас мулклар билан боғлиқ амалиётлари юқори суръатда кенгайиб бораётганига тақалади. Шунинг учун банкларни кўчмас мулк олиб, ижара ва лизингга беришга рағбатлантиришдан олдин реал картинани тасаввур қилиб олиш керак.
Токи, охири кўпираётган кўпик ёрилиши билан тугамаслиги учун.