Оммавий баҳолаш адолатли солиққа тортишга олиб келадими?
Кеча "Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида"ги жуда муҳим фармонга имзо қўйилган.
Фармонга кўра, 2025 йилдан босқичма-босқич барча кўчмас мулк объектлари уларнинг бозор нархига яқин бўлган қийматини аниқлаш мақсадида даврий равишда оммавий баҳолаш ўтказилиши белгиланмоқда.
Мақсадлардан бири сифатида солиқ солишда адолатлилик тамойилини янада кенг жорий этиш кўрсатилган. Масалан, пойтахт шимолидаги кибор маҳаллалардаги ҳар бири бир неча миллион долларлик саройлар бозор нархида баҳоланса, солиқ тушумлари ҳам шунга яраша бўлади. Ëки пойтахт марказидаги ер "маҳалла маркази" қуриш ё инвестиция киритиш лазейкаси билан қароқчи инвесторларга текинга топширилиши ёки эгалланиши тўхтайди. Агар бу ернинг оммавиий баҳолашдаги нархи сотихи 500 минг доллар эканини билса, жамоатчилик ўзи бунга йўл қўймайди. Ҳарқалай шунақа умид бор (агар оммавий баҳолашда инсон омили ва истиснолар устун бўлиб кетмаса).
Қолаверса, кўчмас мулк ва ернинг гаров муносабатларига киришида қайта ва қайта баҳоланишдаги транзакцион харажатлар қисқаради, бу жараёндаги фирибгарлик ва муттаҳамликлар камаяди. Ерни тортиб қўйишда, мулкни бузишда субъектив эмас, бозор ўлчовлари ва ҳисоб-китоблари юзага келади.
Айни пайтда, ижтимоий қўрқув ҳам йўқ эмас (охирги йилларда ҳар қандай ислоҳот антиислоҳотга дўниб, ижтимоий қатлам зиёнига ишлайдиган бўлиб қолаётганидан келиб чиқсак). Масалан, Чилонзордаги 2 хонали хрушчевка 50 минг долларга баҳоланса, ҳозир тўланаётган мулк солиғи қандай ва қанчага ўзгаради? Миллион долларлик саройларда яшаётганлар қолиб, солиқ юки ўрта ва қуйи қатламга тақсимланмайдими?
Фармонда 2025 йил 1 декабрга қадар Тошкент шаҳридаги экспериментни дастлабки натижаларидан келиб чиқиб, оммавий баҳолашдан ўтказилган мол-мулклар ва ер участкалари учун мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича солиқ солинадиган базаани қайта белгилаш ва солиқ ставкаларини пасайтириш таклифини киритиш вазифаси қўйилган.