19K94Telegramda ochish
Навбатдаги “тажриба” учун қирғиз қардошларнинг “қустуризация”сидан улги олиндими? Пойтахт Тошкентда янги қурилган нотураржой мулкларни рўйхатдан ўтказишда айрим тадбиркорлар навбатдаги “тажриба”га дуч келишмоқда. Шикоятчиларга кўра, айнан янги қурилган тижорий биноларга нисбатан “бозор нархи”га чақиб, ҚҚС ва фойда солиғи қўшимча ҳисоблаш талаби қўйилмоқда. Бинолар сотилаётганда эмас, кадастрга рўйхатга қўйилаётгандаёқ. Эсингизда бўлса, 1,5 ой аввал кўчмас мулк "бозор нархидан" 20 фоиздан кўпга арзон сотилса, қўшимча солиққа тортилиши билан боғлиқ ҳукумат қарори қабул қилинган эди. Лекин Солиқ кодексининг 248- моддасида ҳам, ҳукумат қарорида ҳам аниқ-тиниқ ёзиб қўйилган: битимнинг нархи товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан паст ёки юқори бўлса, солиқ органлари солиқ базасига тузатиш киритишга ҳақли. Лекин, “Тошкент тажрибаси” доирасида тадбиркорлар қурилган бинони сотиш пайтида эмас, айнан рўйхатдан ўтказишдаёқ шундай маъмурчилик билан рўпара келишмоқда. Айтайлик, Чилонзорда 1000 кв.м бино қурилди. Бинони қуриш тадбиркорга 1 млн.долларга тушди. Лекин шу каби бинонинг бозор нархи мос аналог ўлчовлари бўйича 2 млн.доллар. Тадбиркор бинони рўйхатга олишда 1 млн.долларлик фарқдан 12% ҚҚС ва 15% фойда солиғи тўлаш керакми? Йўқ. Бу абсурд, лекин шу абсурдни амалда қўллашга уриниш бошланган. Тадбиркорда вариант ўлароқ фарқдан сунъий ясалган солиқларни тўлаш ёки қустуризация талабларига рози бўлиш қолмоқда (қўшни Қирғизистон тадбиркорлари куни кеча 4 йил олган Ташиев пайтида шунақа оғир ва шармандали даврни бошдан ўтказишганди). Албатта, бино қурилиши даврида (1-2 йил) ер, қурилиш материаллари қимматлашиши, инфратузилма яхшиланиши (йўл, метро, парк, боғча, мактаб каби) ва умуман талаб ортиши ҳисобига нархи ошиши табиий (рецессия ё кризис пайтида тескариси ҳам бўлиши мумкин). Лекин бу қурилган бинони рўйхатга олишдаёқ бозор нархига чақиб, солиққа тортиш керак дегани эмас. Бу Солиқ кодекси руҳи ва ҳукумат қарори моҳиятига зид. Агар бу амалиёт кенг қулоч ёйса, яширин иқтисодиётни заррача қисқартирмайди, бюджетниям тўлдирмайди, бўлса, аввало иқтисодий фаолликни ўлдиради ва энг ёмони, аянчли коррупцион муҳитни яратади.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin