Ўзбекча “хусусийлаштирилган” Кварц яна давлатга қайтарилган
Албатта, бу қачондир юз бериши лозим эди, лекин “хусусийлаштирилган” Кварц мисолида бунчалар тез - 2 йил-у 2 ой ўтмай амалга ошиши, тўғриси, кутилмаган ҳолат.
Ҳаммадан ҳам Давактив буни энди қандай изоҳлаши қизиқ (ё оғзига толқон солиб оладими?). Чунки эски даврда ёғли активлар А чиновник қўли билан сувтекинга “хусусийлаштириларди”, Б чиновник қўли билан давлатга қайтариларди. Бу сафар эса ҳаммаси бир қўл билан амалга ошган.
Кварцнинг учинчи ё тўртинчи марта қайта миллийлаштирилиши бу 30 йиллик “ўзбекча хусусийлаштириш тарихи” учун янгилик эмас, лекин янги давр учун прецедент. Бу прецедент давом этадими? Ахир цемент ва кимё заводларидан тортиб нефтни қайта ишлаш заводларигача, заправкалар тармоғидан тортиб тўлов тизимларигача худди шунақа схемаларда “хусусийлаштирилган-ку”!