Чин дилдан иқрорликми ёки малакасизликни тан олиш?
Давактив баёнотига кўра, Кварц АЖ устав капиталидаги 89,78 фоиз акциялар пакетини сотиб олиш бўйича шартномавий мажбуриятларини бажаришдаги қийинчиликлари туфайли, Қувасойцемент АЖ бошқарув органларининг қарорига асосан олди-сотди шартномаси тарафларнинг ўзаро келишувига кўра бекор қилинган. Тўхтанглар, 265 млрд.сўм тўлашга Қувасойцементнинг молиявий имконияти йўқлиги ўша пайтдаёқ маълум эдику. Ҳарқалай, 2 йил аввалги Қувасойцемент ҳисоботида мавжуд ликвидликка қўшиб, дебиторларини ҳам тўлиқ ундирганидаям битимга етарли пул чиқмасди. Наҳотки, шунчаки оддий молиявий ҳисоботларни ўқий олишмаган? Наҳотки, хусусийлаштириш битимларида тўловга лаёқатлилик асосий мезон эмас? Агар бундай бўлмаса, тўловга лаёқатлилик эмас, ғолибни аниқлашда ваъдалар асосий мезон бўлса, бу Антикоррупция ўрганиши керак бўлган ғирт коррупцион кейску!
Хўп, бўпти. "Танланган" харидорнинг тўлашга пули йўқ экан. Орадан 2 йил ва яна 2 ой ўтиб, Давактив Кварц Қувасойцемент АЖга бўлиб тўлаш шартларида сотилганини ниҳоят тан олмоқда. Лекин бўлиб тўлашнинг қонун қоидалари бор. Мажбуриятлар бажарилишининг таъминланиши кафолатланиши керак-ку. Наҳотки, ҳеч бўлмаса, Қувасойцемент акцияларини гаровга олишмаган? Наҳотки, ҳеч бўлмаса, банк кафолати ёки суғурта сўрашмаган? Буни 3-курс талабаси ҳам билади. Наҳотки, миллиардлаб комиссия олаётган молиявий консультант Давактивга адекват маслаҳат бермаган? Улар маслаҳатчими ўзи? Ким уларни Ўзбекистонга киритган?
Давактив амалиётида тўлашга ҳеч қандай молиявий имконияти бўлмасада, ғолиб харидор дея эълон қилинган яна нечта шунақа "хусусийлаштириш" кейслари мавжуд? "Хусусийлаштирилган" активлар бўйича муддатида тўланмаган қарздорликлар яна қанча? Давактив ўзи давлат манфаатларини қанчалик ифода этмоқда? Етказилган зарарлар энди кимнинг бўйнига илинади?
Бўлиб тўлаш ва сопини ўзидан чиқариб бериш орқали "хусусийлаштириш" схемаларини балки тўхтатиш пайти келгандир?
Бу саволларга энди Давактивда эмас, Давактивдан ташқарида жавоб берилиши керак. Келиб чиқаяптики, "Рафик неуиноуен!".