Давактив ФНҚЗни Air Products'га сотса бўлмасмиди?
Кечадан буён тадбиркорлар, иқтисодчи мутахассислар ва оддий одамлардан ҳам энг кўп эшитганим шу савол бўлди: ФНҚЗнинг бир қисм ускуналарини 140 млн.долларга олишга тайёр харидор бор экан, нега бутун заводни 100 млн.долларга бир неча йил "бўлиб тўлаш" билан, яна сопидан ўзидан чиқариб совға қилишди?
Албатта, Давактив одатда бу каби уятли кейсларни изоҳламайди. Бундан бадтар ва шармандали ҳолатларда ҳам сукут сақлаган. Улар нима дейиши керак, Давактивнинг вазифаси очиқ ва рақобатли савдолар ташкил этиш, шаффоф хусусийлаштириш орқали самарали мулкдорларни эмас, олдиндан тайинланган садоқатлиларга ёпиқ келишувлар ва махфий қарорлар орқали йирик активларни бўлиб беришдан иборат, десинми?
Идеалда ФНҚЗнинг қанча туриши ва ҳақиқий эгаси, завод очиқ савдоларга чиқарилгандагина, унда ўзбекистонликлар, америкаликлар, британияликлар, руслар ва майли, уларнинг Ўзбекистондаги эмиссарлари, хитойлар, малайзияликлар, индонезияликлар, кимки хоҳласа, барчанинг иштироки, ҳеч бир дастлабки шартларсиз ва малака талабларисиз ўтган жараёндагина аниқланган бўларди. Унгача, хоҳлайдими, йўқми, ёқадими, йўқми, ФНҚЗнинг "хусусийлаштирилиши" ва асл нархи шубҳа остига олинаверади. Ўзбекистонда биронта соғлом ақл эгаси бу "хусусийлаштириш" натижаларини тан олмайди ва биринчи имкон бўлиши биланоқ уни қайта кўриб чиқишга уриниб кўрилади.
Ўзинглар пиширган ош.