ФНҚЗ "хусусийлаштирилмаган", "совға қилинган"
Буни 2 йилдан бери гапириб келамиз. Давактивнинг энг йирик активларни сопини ўзидан чиқариб совға қилиш схемаси кеча пайдо бўлиб қолмаган. Бу схема шонли энергетикларнинг валийнеъматлари билан бир неча йил аввал, айнан Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи мисолида апробациядан ўтган.
Kun.uz'нинг ёзишича, 2 йил аввал "хусусийлаштирилган" Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи бўйича Saneg ҳали белгиланган тўловни тўлиқ амалга оширмаган. 2024 йилнинг 29 май ҳолатига кўра, заводнинг 58,5 фоиз улуши Давактивга, 41,5 фоиз улуши эса Saneg'га тегишли.
Агар, 100% улуш 100 млн.долларга баҳоланган бўлса ва ҳисоб-китоблар долларда амалга оширилган, деб ҳисобланилса, 2 йил давомида Saneg' 41,5 млн.доллар тўлаган бўлиши мумкин. Бу ҳозирги курсда кўпи билан 525 млрд.сўм дегани (ўртача тортилган курс бўйича 450 млрд.сўмдан камроқ).
Сиз нима деб ўйлайсиз, "хусусийлаштириш" учун олдиндан 1 сўм тўланмаган ФНҚЗ ўтган 2 йилда қанча соф фойда олган?
Жами 557,3 млрд.сўм. 2022 йил учун 19,3 млрд.сўм ва 2023 йил учун 469,6 млрд.сўм. 2024 йил биринчи чораги учун 68,4 млрд.сўм.
Бошқача айтганда, ФНҚЗни олдиндан 1 сўм тўламай "сотиб олган" Saneg' ўтган 2 йилда заводнинг соф фойдаси билан ҳисоб-китоб қилган ва қилмоқда ва яна 100 млрд.сўмча ёнида ҳам қолган. Қойилмисиз?!
Бу ерда яна турли битимлар орқали заводдан пул чиқариб олиш схемалари ҳақида гап кетмаяпти. Бу ерда яна бошқа мажбуриятлар бажарилмагани ҳақида гап кетмаяпти.
Муттаҳам березовский ва сотқин чубайслар тик туриб қарсак чаларди бунақа схемалар учун.
Нима бўлгандаям, давактив сопини ўзидан чиқариб хусусийлаштириш схемаларидан воз кечиши, аввал шундай тартибдаги схемалар билан "хусусийлаштирилган" активларни қайтадан миллийлаштириш масаласини кун тартибига олиб чиқиши керак.
Ҳаттоки буюк комбинатор лақабли Остап Бендер ҳам "эрталаб пул, кечқурун стул, кечқурун пул, эрталаб стул" кўринишида ишлаган.