Эртагаёқ қилса ва Ўзбекконцертни тугатса бўлади: Бундан ҳамма ютади
2027 йил 1 январдан бошлаб санъаткорлардан даромад солиғи мажбурий тартибда ундирилади. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев маълум қилган.
Кечаги анжуманда айтилган энг яхши хабарлардан бири шу. Фақат нима учун яна бир йил ва яна 9 ой кутиш керак? Бу кетишда қачон санъаткорлар даромадларини ўз ихтиёри билан декларациялайди?
Солиқчиларимиз охирги йилларда маъмурчилик имконсиз дейилган сегментларда ҳам рақамлаштириш орқали солиқ йиға бошлашдику. Нима учун санъаткорлар кўрсатаётган хизматлар учун тўловларни нақдсизга ўтказиш ва оқартиришга ундаш мумкинмас? Ахир бу ҳам хуфёна иқтисодиётга қарши кураш-ку! Ишонинг, санъаткорларнинг тўй ва маросим хизматлари кўлами 5 трлн.сўмдан ошган такси бозоридан кам эмас. Каррасига кўп бўлмаса.
Энг асосийси, санъаткорлар солиқ тўлашни бошлашса, табиийки, уларда фаол фуқаролик позицияси бўлади (солиқ тўламаганда фуқаролик позицияси бўладими ўзи?). Солиқ тўлашни бошлаган санъаткор ҳар қандай Ўзбекконцерт ва Маънавият вазирлигига йўқ дея олади. Лицензиялаш деган баҳонани ўйлаб топган бунақа боқиманда бюрократияга ҳожат қолмайди. Санъаткорни текинга амалдорларнинг тўй ва тадбирларига чақириш ҳам тўхтайди.
Бюджетимизга триллионлаб солиқ тушади. Ўзбекконцерт, Маънавият вазирлиги ва Уятни лицензиялаш агентлиги кабилар тугатилиб, триллионлар тежалади.
Ҳамма ютади. Давлат ҳам, санъаткорлар ҳам. Ютқазса, санъаткорлар устига минволган саноқли чиновниклар ютқазади.