Самарқанд Европага Марказий Осиё эшикларини очмоқда
"Бизнинг Европа Иттифоқи билан шериклигимиз – бу икки томонлама ҳаракат, ундан иккала томон ҳам манфаат кўриши лозим". Ўзбекистон раҳбарининг «Euronews»га интервьюси шундай сўзлар билан бошланади.
3–4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида ўтадиган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити нафақат сиёсий, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам Ўзбекистон учун улкан имкониятлар эшигини очмоқда.
Европанинг Франция, Германия, Италия ва Испания каби давлатлари Ўзбекистонда саноат, инфратузилма ва “яшил энергетика” соҳаларида сармояларни кўпайтириш ниятида. Бу мамлакатимизда янги иш ўринлари ва юқори технологияли корхоналар демакдир.
Транскаспий транспорт йўлагини ривожлантириш — маҳаллий маҳсулотларни Европа бозорларига тез ва самарали етказиш имконияти. Бу эса ишлаб чиқарувчилар учун янги бозор, валюта тушуми ва иқтисодий ўсишга йўл очиб беради.
Erasmus+, Horizon Europe ва шунга ўхшаш дастурлар орқали ёшларга Европада таълим олиш, тажриба алмашиш, стартап лойиҳаларда қатнашиш имконияти пайдо бўлади.
Самарқанднинг халқаро марказ сифатидаги мавқеи ошмоқда. Бу туризм оқими, янги меҳмонхоналар, авиарейслар, хизмат кўрсатиш сектори ривожи деганидир. Самарқанд том маънода Ғарб ва Шарқни яна юзлаштирмоқда.
Саммит – бу бир кунлик воқеа эмас. Бу Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё учун устувор кўрилаётган янги вектор. Унинг иқтисодий натижалари йиллар давомида ўз самарасини беради. Ўзбекистон халқаро майдонда очиқ, ишончли ва инвестициявий жиҳатдан жозибали давлат сифатида мустаҳкамланмоқда.