4 йил аввал айтилган 10 млрд.долларлик маррага етилди: Ставкалар пасайиши олдидан омонатлар қолдиғи кескин ошган
Март ойи давомида жами депозитлар қолдиғи 6,6 трлн.сўмга ошиб, 325,9 трлн.сўмни ташкил этган.
Хусусан, аҳоли омонатлари қолдиғи 5,3 трлн.сўмга кўпайиб 129,2 трлн.сўмга етган. Бу психологик марра - роппа-роса 10 млрд.доллардан сал кўпроқ дегани. Маълумот учун, 4 йил аввал Содиқ Сафоев аҳоли қўлида “10 млрд.доллар борлиги” ҳақида айтган эди (ўша пайтда банклардаги аҳоли омонатлари қолдиғи 2,5 млрд.доллар атрофида бўлган).
Март ойи охирида муддатли омонатлар бўйича банклар фоиз ставкаларини сезиларли даражада пасайтиришини эълон қилишганди. Эҳтимолки, омонатчилар, айниқса йирик омонатчилар ставкалар пасайишидан олдин юқори фоизли омонатларини тўлдириб олишга ҳаракат қилишган.
Ой давомида энг кўп омонатларни Ўзсаноатқурилишбанк (+645 млрд.сўм), Капиталбанк (+549 млрд.сўм) ва Анорбанк (+517 млрд.сўм) жалб қилишган.
11та банкда аҳоли омонатлари қолдиғи 5 трлн.сўмдан ошган. Бу банклар банк тизимидаги жами омонатларнинг 75 фоизини назорат қилишмоқда.