Қозоғистонда аҳоли омонатлари 43 млрд.долларга яқинлашмоқда
Ўзбекистонда аҳоли омонатлари қолдиғи охирги 4 йилда 4 карра (доллар эквивалентида) ўсиб, 10 млрд.долларга етганига қарамай, бу жуда кам. Айниқса, масалан, Қозоғистонга солиштирганда.
1 апрель ҳолатига, Қозоғистон банкларидаги аҳоли омонатлари умумий қолдиғи 22,1 трлн.тенгега етган. Бу доллар эквивалентида 42,9 млрд.доллар дегани. Аҳоли жон бошига 2 112 доллар. Солиштириш учун Ўзбекистонда жон бошига аҳоли омонатлари 8 карра камроқ, 265 долларни ташкил этади.
Айтиш керакки, Қозоғистонда аҳоли омонатларининг 50%идан зиёди Алмати ва Астанада жамланган (бизда ҳудудлар қирқимида маълумотлар йўқ). Қўшнилар иқтисодиёти 1998 йилдан буён бир неча шок ва стрессларни бошдан кечиргани учун аҳолида жамғармалар яратиш орқали хавфсизлик ёстиқчасини сақлашга кўникмалар шаклланган.