Омонатлар таркиби ва вазни қандай? Қисқа жавоб: Бойлар янада бойимоқда
Расмий маълумотларга кўра, 2022 йил давомида аҳоли омонатлари қолдиғи оз эмас, кўп эмас, нақ 69,2%га ўсди ва 63,1 трлн.сўмга етди.
Аҳолининг номинал даромадлари шунчага ўсдими? Йўқ. Расман номинал даромадлар 22,3%га ўсди холос.
Аҳолининг истеъмоли камайдими? Йўқ. 2022 йилда иқтисодий ўсишни асосан пул ўтказмаларидан рағбат олган ялпи истеъмол ҳажми қутқариб қолди.
Унда қандай қилиб, омонатлар бунчалар юқори суръатда ўсди? Ана ўлманг, энди тўғри савол тушди.
Тўғри саволга тўғри жавоб бериш учун шу омонатлар ҳажмининг таркиби ва вазни батафсил очилиши керак. Бизда бундай маълумотлар йўқ, лекин мулоҳазалар билан ўртоқлашишимиз мумкин.
Биринчи ва энг муҳим жавоб шуки, омонатлар қолдиғининг кескин ўсиши асосан йирик омонатчилар ҳисобига рўй бермоқда. Ўзи бусиз ҳам 2022 йилгача йирик омонатчлар концентрацияси ҳаддан зиёд баланд бўлган, 2022 йилда концентрация яна кучайди. Содда қилиб тушунтирсам, 63,1 трлн.сўмлик омонатларнинг 70%и шартли 8 мингта омонатчига тегишли. Қолган 30%и эса қолган шартли 8 млн. омонатчига. Шу маънода регулятор учун омонатлар қолдиғининг қанчага ўсиши эмас, қандай ўсаётгани муҳимроқ сигнал бўлиши зарур. Агар маълумотлар омонатлар қолдиғи сони ва суммаси шкаласи қирқимида очиқланишни бошласа, бу ҳақида жамият ҳам маълумот ола бошлайди (масалан, 1 млн.сўмгача, 1-10 млн.сўмгача, 10-100 млн.сўм, 100-500 млн.сўм, 500-1000 млн.сўм, 1 млрд.сўмдан юқори).
Иккинчидан, сони бўйича (суммаси бўйича эмас) мутлақ энг кўп омонатчилар бу 1 млн.сўмгача қолдиқли омонатчилардир. Улар асосан иш ҳақи, стипендия ва пенсия олинадиган пластик карта эгалари ва халқаро пул ўтказмалари фойдаланувчиларидир. Тасаввур қилинг, картангизда 100 сўм қолиб кетсаям ёки пул ўтказмасини олгандан кейин, ҳисобварақда қанақадир 7 цент қолиб кетсаям, сиз омонатчи ва жамғармага эга ҳисобланасиз. Шу маънода омонатлар тўғрисидаги маълумотлар таркиби талаб қилиб олгунча, ҳамёнлар, пластик карталар ва жамғарма, муддатли омонатлар қирқимида тақдим этиши зарур. Шунда аслида омонатлар ўсишида қора халқнинг, яъни камбағалларнинг умуман вазни йўқлиги аён бўлади. Бу эса яхши, ахир биз ўзимизни ўзимиз алдашни истамаймизку, тўғрими?
Учинчидан, бу 2022 йилда уруш бошлангани ва урушнинг оқибатлари билан боғлиқ ҳодиса. Ўтган йили февралдан кейин ўрис корчалонлари (кремль олигархлари ҳам), уларнинг шотирлари ва вакиллари оммавий равишда маблағларини Ўзбекистонга кўчира бошлашди. Нафақат бизнес қолдиқларни, чакана қолдиқларни ҳам. Тўғри, баъзида улар норезидентларнинг номига расмийлаштирилмаган бўлиши ҳам мумкин. Лекин Ўзбекистондаги прокси вакилларнинг омонатлари айнан уларнинг ҳисобига кескин кўпайди. Яъни, 2022 йилда ўсган қарийб 26 трлн.сўм омонатнинг анчагина қисми шимолдаги оғалардан келган маблағлар. Буни билиш нима учун керак? Чунки бу пуллар қандай келган бўлса, эртага Путин Россияси капитуляциясидан кейин шундай орқага қайтиб кетиш эҳтимоли юқори. Катта пулларнинг бирдан келиши қандай стресс яратса, кетиши ҳам шундай стресс яратади.
@the_bakiroo