Метрода ёки пиёда кўп юрадиганлар кўзи тушган бўлиши мумкин, пойтахт ер ости йўлларида яна енгил конструкцияли, асосан пластик ва алюмин профиллардан дўкон ва киоскалар қурилиши бошланган. Албатта ижарага бериш мақсадида.
Ер остидаги бу объектларда жой олиб, иш бошлашни режалаган фуқаро ва тадбиркорларни шошмасликка чақирардим, хусусан шахсан менда қатор саволлар туғилди, бўлажак ижарачилар учун ҳам бу аҳамиятга эга назаримда.
Биринчидан, шундай енгил конструкцияларда жойлашган дўкон ва киоскалар 90- йилларда ва ҳатто нолинчи йиллар бошида ҳам ер ости йўлларида фаолият кўрсатишар эди. Кейин бу конструкциялар хавфсизлик нуқтаи назаридан мақбул эмас, деб бир неча кун ичра бузиб юборилган. Энди савол, ўшанда хавфсиз эмас деб топилган ер ости йўлларидаги конструкциялар энди хавфсиз бўлиб қолдими?
Иккинчидан, бу конструкцияларни қуришга ким рухсат берган, қайси манба ҳисобига ва қай асосларда. Ижара ҳақи, даромадлар қайси манбага бориб тушади?
Учинчидан, мазкур конструкцияларда дўкон ё киоскаларда тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган тадбиркорларнинг эртага яна чув тушиб қолмаслигига ким кафолат беради? Мулк ҳуқуқи ҳаминқадар мамлакатда ижара ҳуқуқидаги тадбиркорни эртага янги бузди-буздилар шароитида кимдир эшитадими?
@new_bakiroo