Пойтахтнинг мавжуд инфратузилма ва коммуникациясининг бардошлилиги экспертизадан ўтиши лозим
Давлетов Ҳукумат табиат ўзгаришлари ортидан юзага келаётган муаммоларга жиддий қарашни бошлаши лозимлиги ҳақида бонг урмоқда.
Ҳаммаси тўғри. Табиат ўзгаришларига сиёсатчилар жиддий қарашлари лозим. Табиат ўзгаришлари аста-секин ижтимоий-сиёсий муаммоларни келтириб чиқаради.
Лекин инсон қўли билан, унинг қисқа ва тор манфаатлари туфайли содир бўлган муаммоларни нима қиламиз? Уларга катта сиёсатчилар эътибор қаратишлари керакми?
Ўзимиз шу охирги 4-5 йилда ясаган муаммоларни бартараф этиш ва янги муаммоларни ясашда давом этишни чеклай оламизми?
Тошкент шаҳрининг мавжуд канализация, чиқинди ташиш, сув, газ, электр инфратузилмаси ва йўл-транспорт коммуникацияси яна қанча қурилишларга бардош бера олади? Балки аллақачон дош бериш мушкул бўлган қизил чизиққа етиб келиб бўлгандирмиз? Олдимизда қанақа муаммоли сценарийлар турипти?
Бу савол энг юқори минбарларда, афсуски, кун тартибига қўйилмаяпти. Агар саволга жавоб топа олмасак, табиатдан аввалроқ инсон қўли билан яратилган муаммоларнинг ўзиёқ бизнинг сифатли мавжудлигимизни сўроқ остида қолдиради. Каналлашмаган маиший муаммолар каналлашган оғир ижтимоий оқибатларни яратади.
Шунинг учун ҳозирги етиб келган жойимизда ҳукумат ва Тошкент шаҳар ҳокимиятидан мустақил бўлган, Тошкент шаҳрининг мавжуд инфрастузилмаси ва коммуникациясининг бардошлилигини аниқлаб берадиган холис экспертиза керак.
Экспертиза хулосалари асосида зарур бўлса пойтахтнинг ҳозирги ҳудудида қурилиш ва мавжуд коммуникацияларга уланиш ишлари буткул тўхтатилиши зарур. Ҳар қандай янги қурилишларга Тошкентга қўшилаётган ҳудудлардагина рухсат берилиши ва фақат янгитдан барпо этиладиган инфратузилма ва коммуникацияларга уланишни назарда тутган ҳолдагина йўл қўйилиши керак бўлади.
@the_bakiroo
- https://t.me/davletovuz/12399@davletovuz