Мол гўшти импорти рекорди яна янгиланган
Апрель ойида Ўзбекистонга жами 58,9 млн.долларлик гўшт маҳсулотлари импорт қилинган. Бунинг 47,7 млн.доллари мол гўшти ҳиссасига тўғри келади (бу навбатдаги янги рекорд, март ойида 40,2 млн.долларлик мол гўшти импорт бўлганди). Ўтган йилнинг апрелига солиштирганда мол гўшти импорти 1,91 карра ошган.
Мол гўшти ўртача 4,06 доллардан импорт бўлмоқда (ўтган йили 3,93 доллардан).
Товуқ (1,27 карра) ва қўй гўшти (1,29 карра) импорти ҳам ўсишда давом этмоқда.
Эътиборлиси товуқ гўшти ўртача нархи (1,1 доллар) ўзгармай қолган бўлса, импорт қилинаётган қўй гўштининг ўртача нархи 2,76 доллардан 0,73 долларгача тушган. Бу қанақадир шубҳали. Ё рақамлар хато кетган ё қанақадир лазейка пайдо бўлган.
Импортнинг кескин ошишига қарамай, гўшт нархи ўсишдан тўхтагани йўқ. Расмий статистикага ишонилса, гўшт ишлаб чиқариш биринчи чоракда 3,6%га ошган ва 564,1 минг тоннага етган.
Айрим ҳудудларда худди эски замонлардагидек, тадбиркорларга юклама орқали маъмурий тарзда “арзонлаштирилган” гўшт савдолари тикланган (сифати алоҳида масала).
Тармоқларда ижтимоий муассасаларда овқатга гўшт солинмаётгани ҳолатлари қайд этила бошланган.