38 млн.эмас, 120 млн.лик бозорни мўлжал олавериш керак
Жойлашган маконимизнинг ўзи, ўзларини катта бозорлар деб атайдиган локациялардан узоқлигимиз, бизни қўшнилар билан устувор равишда савдо қилишимизни тақозо этади. Таъбир жоиз бўлса, бойишнинг энг осон йўли қўшниларимиз билан савдо қилиш. Ташқи савдоимизда қўшниларнинг улуши 12 фоиздан сал кўпроқ. Бу жуда кам.
Ўзбек ишлаб чиқарувчиси сал ҳаракатда бўлса, чемпион тадбиркорми, ҳатто у кичик ва ўрта бизнес вакили бўлса ҳам, маҳсулотини Марказий Осиёда сота олади. Чунки унинг маҳсулоти нисбий рақобатбардошлигини қўшниларга яқин масофанинг ўзи таъминлаб берган.
Шунинг учун тадбиркорларимиз, айниқса бозор қидираётган тадбиркорларимиз 38 млн.лик Ўзбекистон эмас, 120 млн.лик Марказий Осиёни мўлжал олавериши керак. Ўзбек ейдиган, ичадиган, киядиган, фойдаланадиган маҳсулотни даромади ва талаби ошаётган минтақадаги барча қардошлар - қозоқ ҳам, қирғиз ҳам, тожик ҳам, туркман ҳам ва афғон ҳам меҳр билан қабул қилади.
Бу ерда давлатнинг вазифаси барча дарвозаларни очиш, йўлларни кенгайтириш, ҳамкорлик майдончаларини ташкил этишда бўлиши керак. Худди Афғонистон мисолида бўлгани каби.
Дарвоқе, Туркманистон билан эркин савдо режими кучга кирганига 2 ойда ошди. Балки Афғонистон билан бўлаётган тажриба асосида тадбиркорларнинг бошини қовуштириб, Туркманистон сари қайрилиш вақти ҳам келгандир?
- https://t.me/the_bakiroo/9721@the_bakiroo