Visa ва Mastercard антимонополия текширувидан ўтади. Humo қачон текширилади?
Еврокомиссия Visa ва Mastercard'ни антимонополия қонунлари бузишда гумон қилмоқда. Иттифоқнинг антимонополия регулятори молия муассасалари ва чакана савдо субъектларидан глобал тўлов тизимларининг йиғимлари борасида суриштирув ва сўровларни ўтказмоқда. Устун мавқени суистеъмол қилиш ҳолатлари тасдиқланса, Visa и Mastercard' йиллик тушумининг 10%и миқдорида жаримага тортилади.
Худди шу хабар фонида Ўзбекистонда "хусусийлаштирилган" Humo тўлов тизими тарифларни кескин оширгани маълум қилинди. Хусусан, тўлов тизими интернет-эквайринг учун комиссияларни 3,3 каррага оширган. Visa/Visa Domestic, Mastercard/Mastercard Domestic карталари учун банкомат эквайринг хизмати нархи транзаксия суммасининг 0,59% дан 0,6% гача (аммо камида 2875 сўм), UnionPay International учун — 0,19% дан 0,2% гача, Mastercard International карталарига хизмат кўрсатиш 2,3 фоиздан 2,8 фоизга кўтарилган. Шунингдек, Humo банкоматдаги қўшимча хизматлар учун ойига 1 БҲМ (375 минг сўмлик), Alipay+ QR-кодидан фойдаланган ҳолда трансчегаравий тўловлар хизматига уланиш ҚҚС билан бирга 8000 БҲМ (3 млрд сўм) даражасида комиссия киритган. Айтишингиз мумкин, бу комиссияларни тўлов ташкилотлари ва банклар тўлайди деб, лекин якуний тўловчи сифатида сиз ва биз бўламиз (банк ва тўлов ташкилотларининг тегишли ва бошқа хизматлари қимматлашиши ҳисобига).
Қизиғи шундаки, Рақобат қўмитаси Humo тарифлари кескин ошишига нисбатан бирон бир муносабат билдирмаган.
Зеро, антимонополия органида осон важ ҳам бор: Тўлов тизими банк ва тўлов ташкилотлари занжирида барча белгилари билан уникал монополистга айланганига қарамай, Humo ҳалигача монополист деб топилмаган.