Ошаётган қарз тарифлар билан тўланади: "Ошди-ошди" эстафетасини совуқ сув ва оқова тарифлари давом эттирмоқда
Энергия ва ёқилғи тарифларининг кескин ошиши, монополистик темир йўл ва олигархияга товонга айланган авиачипта нархлари, уяли алоқа хизматлари ва ҳатто тўлов тизими комиссияларининг осмонга ўрлаши ортидан "ошди-ошди" эстафетасини Ўзбекистон ҳудудлари бўйлаб совуқ сув ва оқова тарифларининг навбатдаги қимматлашиши давом эттирмоқда.
Демак, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида сув ва оқова нархи аллақачон қимматлаб бўлган. Самарқандда аҳоли учун сувнинг кубаси 2 800 сўмга (+12,0%), оқова сув эса 1 900 сўмгача (+18,75%) кўтарилган. Қашқадарёда сув кубаси 3 500 сўмгача (+40%), оқова тарифи 3 000 сўмгача (2 каррага) қимматлаган.
Ҳозирча энг инсофли ошириш қарори Андижон вилоятида қабул қилинган. Вилоятда сув ва оқова тарифлари атига 10%га, 1 650 сўмгача кўтарилган.
Энг кам даромадли Сурхондарёда эса сув тарифлари 71%гача, оқова тарифлари эса 66%га ошган. Энди жанубий вилоятимизда сув 5 300 сўмдан, оқова 2 900 сўмдан тарифланади. Бу ошишдан кейин Сурхондарё энди Ўзбекистонда сув энг қиммат ҳудудга айланди (Ўзбекистон тарихидаги сув қиролининг сувга оид, албатта қарзга, энг қиммат лойиҳаси ҳам шу ҳудудда амалга оширилаётгани инобатга олинса, ҳаммаси тушунарли, ошаётган қарзни халқ тарифлар билан тўлайди).
Хоразмда сув 28,5%га (4 500 сўм), оқова 8,8%га (1 850 сўм) қимматлаган.
Сув бўйидаги Тошкент вилоятида сув (2 600 сўм) ва оқова (1 300 сўм) тарифлари 30%гача ошган. Вилоятда, сув таъминоти билан машғул жами учта ташкилот мавжуд. Олиш бошидаги "Чимган-Чорбоғ магистрал сув таъминоти" АЖдан сув ичадиганлар учун сув 36,3%га ( 1 500 сўм), оқова эса 3,8 каррага ( 1 150 сўм) қимматлаган. Мусаффо оби ҳаёт МЧЖ абонентлари учун сув 26,6%га (1 900 сўм), оқова 50%га (1 500 сўм) оширилган.
Юқоридаги нархлар ҚҚСсиз кўрсатилган. Тўловда устига 12%лик ҚҚС миндирилади.
P.S. Сув тарифлари бир марталик эмас, тинимсиз ва юқори даражада ошириб келинмоқда. 2023-24 йилги тўлқиннинг ўзида сув ва оқова тарифлари 2-3 каррагача оширилган эди.