Юксалиш сувсиз Тошкент тумани маҳаллаларига ҳам борадими?
“Юксалиш” ҳаракати томонидан аҳолини тоза ичимлик суви ва оқова сув билан таъминлаш бўйича белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши юзасидан жамоатчилик мониторинги ўтказилган.
Ўрганишлар давомида расмий ҳисоботларда тўлиқ бажарилиб, фойдаланишга топширилган деб кўрсатилган 23 та лойиҳа доирасида қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари якунига етказилмагани, 28 та лойиҳа бўйича объектлар белгиланган муддатда фойдаланишга топширилмагани, 15 та маҳаллада ишлар якунланган бўлишига қарамай, таъминот тўлиқ йўлга қўйилмагани, 9 та лойиҳа бўйича ишлар сифатсиз бажарилгани маълум бўлган.
Юксалиш жами 101 маҳаллада ўрганишлар ўтказган, лекин бу рўйхатга пойтахт биқинида ичимлик сувисиз яшаётган Тошкент тумани маҳаллалари қўшилмагани қизиқ.
Бундан 8 йил аввал хусусан, Тошкент туманида сув таъминотини яхшилаш учун Осиё тараққиёт банкидан 120 млн.доллар кредит олинган. Лойиҳага кўра, Тошкент туманига оид ишлар 2021 йилдаёқ якунланиши керак эди. Лекин эълон қилинмаган сабабларга кўра графикдан жиддий ортда қолиш юз берган (бу орада ташқи қарз ҳисобига сув таъминоти лойиҳалари билан боғлиқ юқори мартабали раҳбарларга бир нечта жиноий иш ҳам қўзғатилган). Ҳозирда лойиҳа қайси босқичда экани, кредит маблағларининг қанча қисми ўзлаштирилгани бўйича на Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, на Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан бирон бир расмий маълумот берган.
Туман маҳаллалари бундан 8 йил аввал сувдан қандай қийналган бўлса, ҳалиям қийналишда давом этишмоқда. Ҳалигача туманнинг ўнлаб маҳаллаларига график бўйича ҳафтасига 2 ё 3 кун, бир неча соатга сув берилади, агар шуям эсдан чиқиб қолмаса.
Юксалиш шундоқ ҳалқа йўлдан ўтиб, Тошкент туманигаям ташриф билан келиб кетса бўларди. Зора нимадир ўзгарса. Ҳеч қурса, Осиё тараққиёт банки нима учун 8 йил аввал 120 млн.доллар кредит бергани ва қарзлар қандай ишлатилгани ҳақида қайғуриб қолар.
- https://telegra.ph/file/139379067fc199de7cc9a.jpgtelegra.ph
- https://yuksalish.org/uz/news_detail/818yuksalish.org
- https://t.me/the_bakiroo/1556@the_bakiroo