Солиқ ислоҳотлари давом эттирилиши керак!
Юлий Юсупов 2019 йилда бошланган Солиқ ислоҳотида ҚҚС ва фойда солиғи билан боғлиқ мантиқий якунига етказилмаган бўшлиқларни тўлдиришни, охирги 5 йилдаги амалиётда юзага келган фарқликларни инобатга олиб, иқтисодиётга солиқ юкини адолатли пасайтиришда давом этишни таклиф этмоқда.
Юлий ака айнан солиқ юки юқорилиги ва фарқлилиги туфайли сояда қолаётган ва сояга интилаётган қатор хизмат соҳаларига (тиббиётдан тортиб умумий овқатланишгача) нисбатан табақалаштирилган ва пасайтирилган ҚҚС ўрнатиш миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини оширади ва инфляцияни жиловлашга хизмат қилади, деб ҳисобламоқда.
Шунингдек, фойда солиғи ва дивиденд солиғини тақсимланадиган фойда солиғига (Distributed Profits Tax) алмаштириш ғояси яна илгари сурилган (бу муҳим тезис ўзи 2019 йилдаям бор эди, лекин қўллаб қувватланмаган). Юсуповга кўра, 12%дан паст ва 20%дан юқори бўлмаслиги керак бўлган тақсимланадиган фойда солиғи маъмурчиликни осонлаштиради, солиқ юкини пасайтиради ва компаниялар фойдасини реинвестиция қилишга ундайди.