Кўп сўрашаяпти, ҚҚС ставкасининг 20%дан 15%га туширилишига қандай қарайсиз, деб. Жуда яхши қарайман.
Фақат битта агар-магарни айтмаганда. ҚҚС ставкасининг туширилишидан бюджет тушумларининг эҳтимолий йўқотиши 10 трлн.сўм атрофида баҳоланмоқда.
Агар шу эҳтимолий йўқотишни қоплаш бошқа солиқ ставкаларини ошириши ҳисобига амалга ошириладиган бўлса, ҚҚС ставкасининг туширилишини иқтисодиёт ҳис этмайди, бу ўзгаришлар "лўлича муолажа, куф-суф"дай бўлиб қолаверади.
Худди бу йил жисмоний шахсларнинг иш ҳақи билан боғлиқ солиқларини пасайтириш эффектини бошқа солиқларнинг оширилиши ва объектларнинг кенгайтирилиши еб юборганидек. Барча иқтисодий мактаблар таъкидлайдики, солиқлар пасайтирилиши ҳисобидан бюджет йўқотишлари нофискаль манбалар ҳисобига компенсацияланиши керак. Бу нима дегани, масалан, ҚҚС ставкаси пасайтирилиши ҳисобига йўқотиладиган эҳтимолий 10 трлн.сўмни фойда солиғи ставкаси ёки базаси оширилиши ҳисобига қопланиши пировардида иқтисодиётга ҳеч қандай афзаллик бермайди, субъектларнинг тушкунлиги ортса ортадики, камаймайди.
Хўш, нима қилиш керак. Янги велосипед кашф этмай, шу кунгача маърифатли ва илғор дунё қилиб келган ва қилаётган ишни қилиш лозим. Бюджетга ҚҚС ставкасини пасайтиришдан йўқотиладиган тушумларнинг ўрни ё хусусийлаштиришдан тушумлар ҳисобига компенсацияланиши ёки бюрократия аппаратини қисқартириш ҳисобига мувозанатланиши керак. Унисигаям, бунисигаям имкониятлар етарли назаримда. Хоҳиш бўлса кифоя. Мисол учун, йирик активларни "ишончли бошқарув"га бериш эмас, бозор нархида сотишга ўтишдан, "ишончли бошқарув"га олган субъектдан бўлак ҳамма ютган бўларди. Ёки бўлмасам, бюрократия аппаратини 2, керак бўлса, 3 баробар қисқартиришдан ҳам ҳамма ютган бўларди, зеро Солиқ ислоҳотлари Маъмурий ислоҳотларсиз ўз маъно-мазмунини деярли йўқотади.
@the_bakiroo