“Давлат харидлари билан ишлайдиган кўп кадрлар ўз ишининг 50 фоизини ҳам билмайди” — бу гапни очиқча айтишга жасорат топганлардан бири, Давлат харидлари ассоциацияси директори Анвар Муҳитдинов бўлди.
Бу жуда оғир, бироқ ачинарли ҳолат. Давлат харидларида, яъни бюджетнинг ҳар бир сўмининг тақдири ҳал бўладиган жараёнда ўтирган инсон, нимани мумкин, нимани тақиқланганлигини билмаса — бу нафақат самарасизлик, балки тизимнинг ўзини хатар остида қолдиради.
Мулоқот давомида Муҳитдинов айтадики: “Мен қонунда ёзилганни кўрсатсам, бошини силкиб қўяди. Барибир ўз билганини қилади”.
Бу бир шахснинг инжиқлиги эмас — бу кадр танлови, малака ва масъулият тизимининг деформацияга учрагани. Олдин биржада брокерлар ҳар йили аттестациядан ўтарди. Бугун эса аттестацияни тушида ҳам кирмайди.
Савол: нега давлат соҳасида муомала қилувчи кадр ҳамиша «ўрганиб кетади» деган умидга ишонтирамиз? Бир йил ишлаб, ишни билмаса — бугунги иқтисодиётда унга жой борми?
Муҳитдиновнинг сўзлари, аслида, ислоҳотлар учун сигнал. Ким бу ишни қилишга тайёр, ким шунчаки жой эгаллаб ўтирган — фарқ қиладиган вақт келди. Давлат бюджети — тажриба майдони эмас.
Агар хусусий секторда ходим бир йил ишлаб ҳам натижа бермаса, унга иккинчи имконият берилмайди. Давлат тизимида-чи? Қачонгача «ўрганиб кетар» кадрларга ишонамиз?
Муҳим таклиф: давлат биржаларида ҳам аттестация, малакани доимий текшириш ва керак бўлса — кескин қарорлар қабул қилиш амалиёти жорий қилиниши лозим. Акс ҳолда, муаммолар эмас, фақат сўзлар алмашади. Мазмун эса қотиб қолаверади.