"Мусор учун" шартномани маҳалла тузадими? Рақобат қўмитаси нима дейди?
Кеча оқшом ғалати бир суҳбат бўлди. Чиқинди агентлиги (шунақа агентлик ҳам бор) раҳбари "Чиқинди қарзлари учун электр тўловини чеклаш қонуни" бўйича чиқиндига шартнома тузмаганларга қандай иш тутилади, деган саволга эътироз билан чиқиб, агар истеъмолчи билан шартнома бўлмаса, шартномани маҳалла тузади ёки маҳалла тузган деб қолди.
Афсуски, Ўзбекистон қонунларига умуман зид бўлган бундай бузуқ амалиёт туманларда аллақачон иш усулига айланиб қолган. Чиқинди соҳасида айнан шу тарзда иш юритиш ёлғон, ўғирликлар ва ўзлаштиришларнинг асосий сабаби эканини билган ҳолда, бунга йиллар давомида кўз юмиб келинмоқда. Энг ёмони, бу қип-қизил абсурд амалиётни Чиқинди агентлиги норма деб ҳисобламоқда.
Шу маънода менинг Чиқинди агентлигига энди саволим йўқ (бефойда эканини кеча билдим). Савол истеъмолчиларни ҳимоя қилиши керак бўлган Рақобат қўмитасига. Ўзбекистоннинг қайси қонунларига кўра истеъмолчи учун маҳалла шартнома тузиши белгиланган? 1 августдан кейин электр тўловига боғлаш қоидалари ишга тушса, кўрсатилмаган хизматлар учун маҳалла билан шартнома ва далолатномалар тузиб, истеъмолчилар бўйнига илиб юборилган ва юборилаётган қарздорликлар бўйича қўмита истеъмолчиларни қандай ҳимоя қилади?