
Ривожланаётган умумий овқатланиш соҳасининг кенгайиб бораётгани ортида муаммолар ҳам бор
Охирги йилларда Ўзбекистонда умумий овқатланиш соҳаси жадал ривожланаётгани ҳеч биримизга янгилик эмас. Кўплаб ресторан ва кафе тармоқлари очиляпти, хизмат кўрсатиш формати ва турлари кенгайяпти. Айрим шаҳар ва туманларда гастрономик кўчалар ташкил этилаётгани, очиқ овқатланиш ҳудудларига бўлган талаб ортиб бораётгани соҳа инфратузилмавий жиҳатдан ҳам кенгаяётганини кўрсатади.
Лекин ривожланиш билан бирга муаммолар ҳам ортиб боряпти. Фаолиятни ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштиришдаги ноаниқликлар, назорат органлари талабларидаги мутаносиблик етишмаслиги, соҳа бўйича умумий ёндашув ва қоидаларнинг етарли эмаслиги ва ҳоказо ҳолатлар тадбиркорларни қийнаётган асосий масалалардан.
Айни ҳозир бўлиб ўтаётган очиқ мулоқотда айнан шу каби тизимий тўсиқлар муҳокама қилиняпти. Мақсад эса мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни манзилли ҳал қилишга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш. Бу жараён ўз навбатида соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий базани қайта кўриб чиқиш, амалиётга яқинлаштириш учун муҳим деб ўйлайман.
Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда республика бўйича:
– 146,8 мингта тадбиркор савдо соҳасида,
– 19,5 мингта тадбиркор умумий овқатланиш соҳасида фаолият юритмоқда.
Бу юз минглаб иш ўринлари ва аҳоли фаровонлиги билан бевосита боғлиқ йўналишлардир.