Имтиёзсиз ва давлат ёрдамисиз
Ўтган куни Беҳзод Ҳошимов билан емакхоналардан бирида қилган суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.
Ҳеч бир имтиёзсиз ва давлатсиз оёққа турган ва ривожланишда давом этаётган соҳаларимиз борми?
Албатта бор. Энг биринчи ўринда бу рўйхатга умумий овқатланишни қўшиш мумкин. Бутун дунёда Ўзбекистонни тасвирла, дейишса, Самарқанд-у, Бухородан ҳам аввал ўзбек таомларини санай кетишади.
Ресторан ва овқатланиш бизнеси шунинг учун ҳам Ўзбекистоннинг юзига айланганки, бу секторда давлат йўқ, имтиёз йўқ, бир қўлли эгаси йўқ, катта фойда ҳам йўқ. Бу соҳага арзон кредит йўқ. Катта кабинетларга кириб ундириб чиқиладиган солиқ имтиёзлари ҳақида эса гап бўлиши мумкин эмас.
Лекин соҳада ўта кучли рақобат бор. Ҳар йили соҳага юзлаб янги тадбиркорлар кириб келади, юзлаб тадбиркорлар рақобат курашига дош бермай соҳадан чиқиб кетади. Унда ўнлаб оғир муаммолар бор (муаммо ва тўсиқларнинг аксариятини, не ажабки, кўпинча давлатнинг ўзи яратади). Ҳеч ким санамайди, лекин бу соҳа расмий ва норасмий равишда мамлакатда энг кўп ишчи ўрни яратган.
Шунинг учун ҳам емак бизнеси Ўзбекистонда риволанишда, ўсишда, кенгайишда давом этмоқда. Маржа кам, лекин барака бор. Давлат йўқлиги, ёлғондан ва имтиёздан ташқарида бўлгани учун барака бор.
Худди шунингдек, давлат ва имтиёзлардан нари ҳолда ўзбек бизнесининг юзига айланаётган яна бир нечта соҳаларни санаш мумкин. Бу чакана савдо, бу текстиль, сизга ғалати эшитилиши мумкин - гўзаллик салонлари ва сартарошхоналар, бу юк ташиш транспорти, бу такси хизматлари.
Хулоса ўрнида яна такрорлашга тўғри келади: Ўзбекистонликлар ҳаётини фаровонроқ қилиш жуда осон: давлат бизнесга аралашмаслиги керак, давлатнинг ёрдами ва имтиёзлари рақобатли бизнесга берилган энг катта зарба бўлади.
@the_bakiroo