Лойиҳа: Ошпазлар "вазирлиги" тузилади
Кулманг. Бу антиваҳий эмас.
Ўзбекистонда умумий овқатланиш бизнесини яна бир синовли кунлар кутаётганга ўхшайди.
Ҳукумат идораларида ёпиқ кўринишда муҳокама этилаётган қарор лойиҳасига кўра ҳозирда нодавлат нотижорат ташкилоти мақомида бўлган Ошпазлар уюшмаси вазирлик мақомидаги ваколат ва назорат функцияларини қўлга киритмоқчи.
Шу мақсадларда Ошпазлар уюшмасининг ҳудудларда бўлинмалари ташкил этилади. Ушбу бўлинмалар учун банд бўлмаган бинолар беғараз тарзда ўтказиб берилади. Ҳокимликларга бюджет ва бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан уюшма ва унинг ҳудудий бўлимлари вазифалари ва функцияларини самарали ишлаши учун зарур моддий-техник шароитларни яратиш, бино ва иншоотларни жорий таъмирлаш, жиҳозлаш, мебель ва алоқа воситалари билан таъминлаш юклатилади.
Уюшма марказий аппаратининг иштаҳаси янада карнай: Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Давактив бир ой муддатда "Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси", "Халқаро ўзбек пазандачилик санъати маркази" ҳамда "Ўзбек пазандачилик санъати музейи" биноларини Уюшма балансига ўтказиб беришлари керак бўлади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигига Уюшмани сақлаш ва бошқа харажатларини ҳар йиллик бюджет параметрларига қўшиш, 3та енгил ва 1 та микроавтобус учун лимит ажратиш топширилади.
Шунча харажат кимнинг бўйнига юкланади дейишингиз мумкин. Албатта умумий овқатланиш бизнеси ва истеъмолчилар бўйнига.
Лойиҳага кўра, Уюшма 5 йилга солиқ ва бож тўловларидан озод қилинади. Айни вақтда умумий овқатланиш корхоналаридан тушадиган солиқларнинг 1 фоизи уюшмага ўтказилади. Ошпазлар уюшмасини сақлаш ва бошқа харажатлари Парламент комиссияси томонидан доимий субсидия билан молиялаштирилади.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Овқатланишни ташкил этиш билан машғул Аутсорсинг корхоналарини ҳам Уюшмага аъзо қилдириш вазифаси қўйилган. Яъни феълан Ошпазлар уюшмаси фермерларни қоқиштирадиган ва ҳимоя қилиш ўрнига талайдиган Фермерлар уюшмасининг аналоги бўлади. Энг камида.
Ўзбекистонда умумий овқатланиш бизнеси бу соҳада айнан давлат йўқлиги, ҳукумат қўлини тиқмаганлиги учун ривожланган ва ривожланаётган, миллий иқтисодиёт якорига айланаётган эди. Шуниям кўп кўришаяпти шекилли.
Ўзбекистоннинг ўтган 7 йилда ютуқли тарзда ўсган икки соҳасидан бири умумий овқатланиш бизнеси охирги ойларда теп-текис жойда солиқчилар томонидан "фискализация учун интеграция" баҳонасида иккиланишлар ва хатарларга рўпара қилинган эди. Бу фақат бошланиши бўлган экан.
Кўргулик.