Кафе ва ресторанларда соҳанинг табиати инобатга олиниши керак
Кафе ва ресторанлар соҳасида кадрлар масаласи сўнгги йилларда тадбиркорлар томонидан энг кўп тилга олинаётган тизимли муаммолардан бири сифатида намоён бўлмоқда. Очиқ мулоқот давомида ушбу масаланинг яна бир бор кун тартибига чиққани унинг нақадар долзарб эканини тасдиқлайди.
Амалдаги қонунчилик, шубҳасиз, барча субъектлар учун ягона ва тенг қоидаларни белгилайди. Бироқ умумий овқатланиш каби юқори динамикага эга соҳаларда мазкур қоидаларни амалиётга татбиқ этишда маълум даражада мослашувчанлик зарурлиги тобора яққол сезилмоқда. Чунки бу йўналишда ишчи кучи юқори айланувчанликка эга, ходимлар кўп ҳолларда қисқа муддатга ёки ҳатто кунлик асосда жалб қилинади, иш ҳажми ва график эса доимий эмас, балки талабга қараб ўзгариб туради.
Шу нуқтаи назардан, тадбиркорларнинг амалдаги тартибни қайта кўриб чиқиш бўйича билдирган таклифлари конструктив ва ўринли ёндашув сифатида баҳоланиши мумкин. Бу ерда гап қонунчиликдан четлашиш эмас, балки уни реал иқтисодий шароитларга мослаштириш ҳақида бормоқда. Хусусан, тадбиркорнинг шахсий кабинети орқали ходимларни паспорт ёки ID-карта асосида тезкор рўйхатдан ўтказиш, иш бошлаш ва тугатиш вақтларини рақамли қайд этиш, иш ҳақини кунлик ёки соатбай ҳисоблаш ҳамда ижтимоий солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни автоматик тарзда ҳисоблаш тизимини жорий этиш таклифини иқтисодчи сифатида тўғри деб биламан.
Энг муҳими, бундай ечим бир вақтнинг ўзида бир нечта ижобий натижани таъминлайди: бизнес учун ортиқча бюрократик юк камаяди, ходимлар учун расмий меҳнат муносабатларига кириш осонлашади (айниқса ўқишдан кейин ишлаб оиласига оғирлиги тушмаётган талабалар учун), давлат учун эса солиқ ва ижтимоий тушумларнинг шаффофлиги ва ҳажми ошади. Қисқаси, мазкур ташаббусни тадбиркорлик муҳитини янада соғломлаштириш, “соядаги” меҳнатни қисқартириш ва рақамли бошқарув механизмларини чуқурлаштириш йўлидаги мантиқий ва ўз вақтидаги қадам сифатида баҳолаш мумкин.
- https://t.me/uzchamber/21864@uzchamber