28K88Telegramda ochish
Кулранг иқтисодиётни оқартиришнинг самарали ва реал йўли мажбурлов эмас, рағбат Солиқ қўмитасининг кешбек тизимини кенгайтириш ва солиқни нақд пулсиз тўловлар орқали йиғишни рағбатлантириш бўйича қилган баёноти нафақат ўринли, балки иқтисодиётни оқартириш бўйича бошланган амалий ҳаракатларнинг давомидир. Айниқса, қурилиш, умумий овқатланиш, меҳмонхона, хизмат кўрсатиш каби секторлар узоқ йиллар давомида қонуний майдон ташқарисида, кулранг зонада фаолият юритиб келгани сир эмас. Бу йўналишдаги нақд тўловлар нафақат бюджетга катта зарар етказмоқда, балки адолатли рақобатга, инвестицион муҳитга ҳам путур етказади. Мижоз расмий хизматдан фойдаланмайди, хизмат кўрсатувчи эса солиқ тўламайди. Бундай муҳитда қонуний йўл билан ишлаётган бизнеслар ютқазмоқда. Солиқ қўмитасининг “агар бизнес очиқ ишласа, биз истеъмолчига бериладиган кешбекни икки бараварга оширишга тайёрмиз” деган таклифи – айнан бозорни шаффофлаштиришга қаратилган ёндашувдир. Бу – мажбурлаш эмас, иқтисодий рағбат орқали қонунийликка чиқишнинг замонавий механизми. Шунингдек, бу қарор нафақат хизмат кўрсатувчи томонни, балки истеъмолчини ҳам мотивациялаш орқали икки томонлама иштирокчилик яратади. Ҳар бир фуқаро чек олишга, мобил илова орқали тўловни амалга оширишга манфаатдор бўлади. Бу эса электрон пул ўтказмалари ва финтех хизматларининг яна ҳам ривожига катта туртки беради деб ўйлайман. Бундай тизимлар биринчи бор жорий қилинаётган эмас. Мисол учун: 1. Грузияда 2010-йиллардан бошлаб умумий овқатланиш ва савдо соҳасида электрон чеклар беришни мажбурий қилиш ва бунинг эвазига истеъмолчига 5% гача кешбек бериш амалиёти бошланган. Бу тизим жуда тез орада хизматлар соҳасининг сезиларли даражада легаллашувига олиб келган. 2. Жанубий Кореяда эса кредит карталари орқали тўлов қилган фуқароларга ҳар ой охирида солиққа алоқадор кешбеклар қайтарилади. Бу орқали мамлакатда нақд пулдан фойдаланиш 20% дан паст даражагача туширилган. 3. Эстония эса электрон ҳисоб-фактура ва фискал назорат тизимлари орқали нафақат солиқларни шаффофлаштирди, балки электрон тўлов инфратузилмасини жаҳондаги илғор даражага олиб чиқди. Шундай экан, бу таклифни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш лозим. Бу қарор орқали: - хизматлар бозори легаллашади, - электрон тўловлар оммалашади, - давлатнинг солиқ базаси кенгаяди, энг муҳими – тадбиркорликда адолатли рақобат тикланади. Тизим ишлаб кетадиган бўлса, бу Ўзбекистоннинг узоқ йиллик кулранг иқтисодий зонасини оқ майдонга олиб чиқиш йўлида муҳим бурилиш нуқтасига айланади.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin