Меҳнаткашлар маошини оқартиришни қачон талаб қилади?
Исталган соҳада, умумий овқатланиш ва савдода ҳам ишчи-ходимларга фарқи йўқ, ойликни тўлиқ конвертда оладими, ярмини конвертда оладими, агар улар қаердадир “расмий даромадингни кўрсат” талабига дуч келмаса.
Улар қаерда расмий даромадни кўрсатиш талабига дуч келади? Асосан банкларга кредитга мурожаат қилганида. Лекин пандемиядан кейинги йилларда банклар расмий даромадсиз ҳам кредит маҳсулотларини тақдим эта бошлашди. Микроқарз, автокредитдан тортиб ипотекагача.
Солиқ қўмитаси, камбағаллик вазирлиги меҳнат бозорини (айниқса, ижтимоий солиқ бўйича имтиёзлар мавжуд сервис соҳасида) оқартириш бўйича кўп чақириқларни, амалий ҳаракатларни амалга оширмоқда. Бу керак. Лекин етарли эмас.
Энди мана шу талабни меҳнаткашлар ўз иш берувчиларидан, яъни тадбиркорлардан сўрашни бошлаши зарур. Иш ҳақини конвертда эмас, “расмий кўринишда бер”, деб. Бунинг учун меҳнаткашларни ҳам ундаш зарур.
Қандай қилиб бу юз бериши мумкин? Бошланишига ҳеч бўлмаса, микроқарзларни расмий иш ҳақи бўлмаган қарздорларга ажратишни чеклаш зарур. Ўзи банклар муккасидан кетган бу сегментда хатарлар тобора тўпланиб бормоқда, хатарларнинг илдизи расмий даромадсиз ва ҳеч қандай даромадсиз қатламларга қарз ажратиш авж олиб кетганида.
Ҳа, яна энг кам иш ҳақини тезроқ ва юқорироқ ошириб боришни ҳам кун тартибига олиб чиқиш зарур. Амалдаги энг кам иш ҳақи меҳнат бозоридаги реалликларга мувофиқ эмас (1 271 минг сўмга ишлайдиган қолмаган). Буни тадбиркорлар ҳам, меҳнаткашлар ҳам жуда яхши билади.
- https://t.me/the_bakiroo/9556@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/9549@the_bakiroo