Тўғри ва унчаям тўғри бўлмаган таклиф ҳақида
“Истеъмол кредити тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиришлар киритиш таклиф этилмоқда.
Биринчиси, молиявий истеъмол кредитини фақат Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товар ва хизматларни сотиб олиш учун ажратиш тўғрисидаги чеклов бекор бўлмоқда. Зўр таклиф. Қачонлардир фақат протекционизм шароитидагина фаолият кўрсата оладиган паразитларнинг лоббиси билан қонунчиликка тиқиштирилган эди бу чеклов.
Шунингдек, ўзгартирилаётган 15- модданинг 4- хатбошида молиявий истеъмол кредитлари пул маблағлари ўтказиш йўли билан берилиши ёзилсада, 5- хатбошида нақд пулда ҳам олиш мумкинлиги белгиланган. Зидлик бор бу ерда.
Менга қолса, қонуннинг 15- банди 4- хатбошисини товар ва хизматнинг қаерда ишлаб чиқарилганига ва пул ўтказиш йўли билан берилишига урғу бермай, қуйидагича таҳрирлаш керак:
Молиявий истеъмол кредити бериш истеъмол товарларини (хизматларни) ишлаб чиқарувчи корхона ёки реализация қилувчи ташкилотнинг банкдаги ҳисобварағига банк ёхуд бошқа кредит ташкилоти томонидан пул маблағларини ўтказиш йўли билан ёки нақд шаклда амалга оширилади.
Ўзгартиришларга энг катта эътироз бу молиявий истеъмол кредитларини хорижий валютада олиш мумкинлиги таклиф этилаётгани. Молиявий саводхонлик даражаси ҳаминқадар бўлган ҳозирги даврда ва умуман ўрта истиқболдаям асло бундай қилиб бўлмайди. Чунки аксарият қарз олувчилар валюта рискларини ҳисобга олиш ва самарали бошқариш қобилиятига эга эмаслар. Бу бир. Иккинчидан, қарз олувчилар асосан миллий валютада даромадларга эгалик қилса-ю, хорижий валютадаги мажбуриятларга эга бўлсалар бу мамлакат миқёсида тизимли рискларни ярата бошлайди. Худди Россия, Қозоғистондаги каби курс ўзгаришлари вақтида муаммоли валюта кредитига эга ва давлатдан бу муаммони ечишни талаб этувчи катта армия яралади. Регулятор ва Ҳукуматнинг эркин валюта сиёсатини реализация қилишда қўлини боғлайди. Шунинг учун бу таклифни Ҳукумат ҳам, Марказий банк ҳам рад этгани маъқул назаримда.
@the_bakiroo