Яхши хабар йўқ: сенаторлар Одам IMEI қонунини маъқуллаб беришган
Сенат баҳсли қонунлардан яна биттаси бўйича, афсуски, кутилган фильтр вазифасини бажара олмаган. Ўзбекистон хорижда бўлган фуқароларини мажбурий ОИВ тестдан ўтказадиган биринчи мамлакатга айланади.
Инсон ҳуқуқлари ва Ўзбекистон қабул қилган конвенциялар масаласини қўя турайлик, бутун моҳияти бўйича худди UzIMEI сингари ишлайдиган Одам IMEI мажбурияти бюджетга юзлаб миллиард қўшимча харажатларни юклайди (бюджет тўлиб-тошишни бошладику). Миллионлаб ўзбекистонликларни овора-и сарсон қилиш эвазига қайсидир чўнтак тайёр буюртмаларга эга бўлади (постпандемия пайтидаги Махсус комиссиядан соққа-ёрлиқ олган аэропортдаги қиммат ва мажбурий тестлар эсингидадир?).
Энди қизиқ, Одам IMEI’дан ўтмаганларнинг ID картасини ўчириб қўйишадими (UzIMEI товонини тўламаганларнинг телефонини ўчириб қўйишгани сингари)? Ёки баҳордан қишгача хорижда ишлаб ё ўқиб, янги йилга ё ҳайитга 3 кунга келган ватандошларни қайтиб Ўзбекистондан чиқармай қўйишадими? Янги тақиқ ижроси учун яна қанақа тақиқлар ўйлаб топиларкин? Ундан кўра ўша қайсидир чўнтак ишлаб топмоқчи бўлаётган фалон юз миллиардни бошимиздан айлантириб садақа бериш арзон тушмайдими?