Ўқитувчилар таътил пайти мактаб таъмирламоқда: тизимли реакция бўладими?
Андижонда, Марҳамат туманининг 42-мактабида ўқитувчи аёлларнинг таътил пайтида мактаб биносида таъмирлаш билан бандлиги ҳолатига нисбатан муносабат билдирган Мактаб вазирлиги битта мактабдаги ҳолатни умумий вазият сифатида баҳоламасликни сўрамоқда.
Албатта, ҳозир Ўзбекистоннинг жуда кўп мактабларида ўқитувчиларни таъмирлашга жалб қилиш кенг тарқалган амалиёт, дея айтиш, ҳужжатлаштириш ва далиллаш учун чуқурроқ ва кенгроқ ўрганишлар керак, бунга имкониятлар чекланган (Балки Юксалиш ўрганиш ўтказиб кўрар?). Қолаверса, бу ҳақда очиқ ва қўрқмай гапириш учун ўқитувчилар ва уларга қарши маъмуриятнинг кучлари тенг эмас (қишлоқ туманларида мактаб ягона иш берувчи, бўлиб ҳам педагог аёллар учун ягона ишлаш мумкин бўлган жой, улар маъмуриятга қарши туриш ортидан, бошқа касбга ўтиб ёки қўшни туманга кўчиб кета олишмайди).
Тизимнинг сифатини воқеликка реакция белгилайди. Яъни Марҳаматдаги воқеликка (бу каби ишлар биринчиси эмас, охиргиси ҳам эмас) нисбатан тизимли реакция қандай бўлиши қизиқ (маҳаллий ҳокимиятнинг эмас, уларнинг кимлиги ҳаммага маълум, вазирликнинг реакцияси муҳим).
Вазирлик ва янги вазир мактабларда дарс тақсимлаш учун асосий мезон маъмуриятга лояллик ва сўзсиз бўйсуниш бўлиб қолганини тан оладими? Мезон ўқитувчиларни мажбурий жисмоний меҳнатда иштироки, шунингдек, мажбурий обуна, ҳашар, кўчат экиш, йил бўйи йиғди-йиғдиларда иштирок бўлиб қолгани тан олинадими, бунга қарши курашиладими, мезонлар ва амалиёт тубдан ўзгартириладими?
Вазирлик шу каби хунук ва ёқимсиз воқеаларда энг осон йўл — мактаб директорларини айбдор қилиш ва жазолаш усулидан воз кечадими? Мактаб директорлари бу қийшиқ ва бузуқ занжирда охирги кичкина ҳалқа экани ҳисобга олинадими? Тепароқдаги пулхўр ҳалқалар - аллақачон тугатилиши керак бўлган районо ва облонолар, маҳаллий ҳокимиятнинг мактабларга зарарли таъсирини камайтириш бўйича нимадир ўзгаришлар қилинадими?
Ва ниҳоят, Вазирлик мактабларнинг туалетидан тортиб таъмиригача энг базавий муаммоларини ўзи Ўзбекистонда энг кам даромадли бўлган ўқитувчиларнинг ўзига юклашга (хусусан, очиқ бюджет орқали) мажбур қилаётган қолдиқ ва чала молиялаштириш амалиётига барҳам берадими?
- https://t.me/davletovuztw/2724@davletovuztw
- https://t.me/uzedu/36064@uzedu
- https://t.me/the_bakiroo/4052@the_bakiroo
- https://t.me/andpress/54761@andpress
- https://t.me/davletovuztw/2723@davletovuztw