Ўқув марказларида ўқиётган ёшлар халқаро мусобақаларга чиқишида давлат ёрдам берадими?
Тошкентдаги Ёшлар ижод саройида ўтказилган “Ёшларни эшитамиз” мулоқотида айнан шу масала кўтарилди. 150 нафар ёш залда, 300 дан ортиқ иштирокчи эса онлайн тарзда қатнашиб, қонунчиликдан тортиб, марказларни ривожлантиришгача ўз фикрларини айтди.
Робототехника бўйича халқаро чемпионатларда қатнашиш мавзуси энг долзарбларидан бири бўлди. Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев бу йўналиш учун алоҳида тизим ишлаб чиқилишини маълум қилди. Демак, энди ёшларимиз мусобақага чиқиб, харажат ҳақида ўйламайди.
Мулоқотда яна хусусий мактаб ва боғчалар учун коммунал енгилликлар, чекка ҳудудлардаги устозлар малакасини ошириш масалалари ҳам кўтарилди. Мутасаддилар масалани ўрганиш ва амалий ечим топишга ваъда беришди.
Ёшлар гапирди, масъуллар эшитди. Энди навбат амалга қўйишда.