Яна бир ОТМ пойтахтдан бадарға бўлади
Тунги иқтисодиётни ривожлантиришга оид таклиф этилаётган лойиҳанинг 19- бандига тиқиб юборилган матн ўтиб кетса, Тошкент Фармацевтика институти ҳам Тошкент шаҳридан четга бадарға бўлади.
“Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Тошкент Фармацевтика институтини Тошкент вилоятида жойлашган “Tashkent Pharma Park” ҳудудига кўчирган ҳолда, бўшаган ер майдонида 1000 ўринли автотураргоҳ қуриб, давлат тасарруфига ўтказиш мажбурияти билан 5 юлдузли меҳмонхона барпо этиш таклифига розилик берилсин”, - дейилади унда.
Фармацевтика институтини кўчиришни тунги иқтисодиётга бевосита алоқаси йўқ, лекин шу баҳона орада эътибор қилинмай, кўз юмилиб ўтиб кетади, деб ўйлашган бўлса керак (аввал ҳам шу каби умуман алоқаси йўқ ҳужжатларга соққали бандларни тиқвориш методичкаси кўп марта иш берган).
Фармацевтика институти шаҳардан четга кўчирилиб, ўрни эгалланаётган биринчи ОТМ эмас (қўрқаманки охиргиси ҳам эмас). Бу усул охирги йилларда пойтахтнинг ОТМлар жойлашган энг қиммат жойларини эгаллаб олишнинг осон ва мазахўрак йўлига айланмоқда (яна қанча режалар вақтини кутмоқда).
Янаям қизиғи, лойиҳада институт ўрни аукционда сотилиши ҳақида гап сўз йўқ. Бу маконда (Ойбек метро бекати) ер нархи, агар сотиладиган жой топилса, сотихи 500 минг доллардан каммас (институт ўрни бозор нархи ўнлаб миллион доллар туради). Аллақачон кўз остига олинган маконга, табиийки, номи келтирилмаган чўнтак инвестор бир тийин ҳам тўламаслиги аниқ. Бекорга чалғитиш учун 1000 ўринли автотураргоҳ мажбурияти қўшиб кетилганми?
Дарвоқе, шу жойдан бир км наридаги, вокзал рўпарасида бизнес марказга айланиб кетган автотураргоҳ тажрибаси инобатга олинса, автотураргоҳ ҳам бўлмайди. Эгаллаб олингунча.