Сентябрда "бензин инфляцияси" икки хонали даражада бўлган
Сентябрь ойида чек маълумотлари асосида танлаб олинган объектларда сотилган бензиннинг атига 22,2%и 80 бензин бўлган (бу кузатувлар 10-20 саналарда ўтказилган, ой охирида 80 сотувлари деярли тўхтаган). Ўтган ойларда 80 бензиннинг сотувдаги улуши 80% атрофида бўлган.
Мана шу таркибий ўзгаришлар бензин инфляциясини ҳисоблашда инобатга олинмаяпти.
Содда қилиб тушунтираман, айтайлик, сиз ойига 100 литр бензин ишлатасиз.
Ўтган август ойида 80 литр 8,8 минг сўмдан 80 бензинни 704 минг сўмга олгансиз, 20 литр 11,1 минг сўмдан 92 бензин 222 минг сўмга олгансиз, жами 926 минг.
Бу сентябрда 80 шиптир савдоси кескин камайди ва тўхтади, шунинг учун 80 литр 11,2 минг сўмдан 92 бензин олдингиз, 896 минг сўмга, 20 литр 8,9 минг сўмдан 178 минг сўмга 80 бензин олдингиз, жами 1 074 минг сўм.
Бир қарашда, агар вазн ўзгариши қўлланилмаса, 92 бензин 0,9%га, 80 бензин эса 1,1%га ошгандек. Инфляция эски вазн олинса, гўёки 1,06%.
Лекин сиз истеъмол қилган 100 литр бензиннинг таркиби ўзгаргани учун, ойлик нарх ошиш, яъни ойлик "бензин инфляцияси" бу ҳолатда 16,0% бўлади.