Бензин нархи ошишда давом этади
Чунки бунга сабаблар жуда кўп. Гап фақат нефть нархининг ошиб бораётганидагина эмас.
Биринчи сабаб. Импортга, демакки курс ўзгаришларига ҳам боғлиқ эканимиз. Расмий статистикага кўра, 2021 йилнинг 8 ойи давомида 281,6 млн.литр бензин импорт қилинган. Ўзимизда эса 729,4 минг тонна бензин ишлаб чиқарилган, литрга ўтказилган бу 984,7 млн.литр атрофида бўлади. Бошқача айтганда истеъмолдаги бензиннинг 22%дан зиёди импорт. Юқори октанли бензин (92 ва ундан юқори) импорти улуши бундан ҳам юқори. Айни вақтда ўзимиздаги бензиннинг ҳам асосий қисми импорт нефть ҳисобига ишлаб чиқарилади (8 ойда 612,8 млн.долларлик нефть маҳсулотлари импорт қилинган, таркиби очиқланмаган).
Иккинчи ва энг асосий сабаб - рақобат муҳитининг йўқлиги. Бензиннинг энг асосий импортчиси ҳам, ягона ишлаб чиқарувчиси ҳам, улгуржи ва чакана сотувчиси ҳам монополист Ўзбекнефтегаз ҳисобланади. Яъни барча занжирларда компаниянинг монопол мавқеи сақланиб қолган. Очиқ бензин бозори ва Ўзбекнефтегаздан бўлак бошқа жиддий мустақил ўйинчи ҳалигача пайдо бўлгани йўқ. Шунинг учун жаҳон бозорида нефть нархи ошса, Ўзбекнефтегаз бундан ортиқ даражада нарх ошириш билан жавоб беради, агар нефть нархи тушса, ё нарх камроқ пасаяди ёки умуман пасаймайди.
Учинчи сабаб - бу солиқчилик. Бензин истеъмолчиларга етиб боргунча турли кўринишларда энг кўп солиқ қўшиладиган товар. Чунки қоида тариқасида бензин нархи эластиклиги унча юқори эмас. Бензин нархи ошиши пропорционал тарзда истеъмолни камайтирмайди. Шундай экан, бензин нархини муқобиллаштиришда парламентимиз янги йилдаги бюджетни тасдиқлашда эътиборлироқ бўлиши керак бўлади. Нормал парламентлар бюджетни 3 ойлаб муҳокама қилади. Бизнинг рўйхат бўйича тайинланганларимиз эса тушгача бюджетни тасдиқлаб қўйишади.
@the_bakiroo