Ўзбек банклари хориждаги мижозларини ҳам эшитишлари керак
Иқтисодчи Ботир Кобилов хориждаги ватандошларимиз учун оғриқли бўлган муаммони яна кўтармоқда.
"Аксарият ўзбек банклари банк хизматларидан фойдаланишда: банк иловасига кириш, пул ўтқазиш, тўловни амалга ошириш учун мижозларга тасдиқлаш ва авторизация кодларини фақат СМС орқали юборишади. Устига СМСни фақат +998 кодли рақамга юборишади. Энг муқобил альтернатива бўлмиш e-mail орқали ҳам юборишмайди. Нимага десам Ўзбекистонда e-mailдан ҳеч ким фойдаланмайди дейишади. Шу ҳам жавобми энди? Мен айтмаяпман, авторизацияни фақат e-mail орқали қилиш керак деб, балки мижозга авторизация қилишга қўшимча канал бериш керак ва энг муҳими банк иши хавфсизроқ бўлиши учун 2FAни жорий қилиш, учинчи иловалар орқали авторизация имконини беришни (DUO) айтяпман.
Фақат СМС кодга боғланган банк хизмати муаммолари:
Биринчидан, агар сиз Ўзбекистонда бўлсангиз ҳам турли сабабларга кўра мобил телефонингизда алоқа бўлмай қолса сиз банк хизматидан ёки пул ўтқазадиган финтехдан фойдалана олмайсиз. Шунчаки иловага кира олмайсиз, транзакцияни тасдиқлай олмайсиз. Масалан, Тошкент шаҳрининг қоқ марказида ҳам, Ўзбекистоннинг чеккароқ ҳудудларида ҳам мобил алоқа яхши ишламаса, мижоз телефони зарядкаси ўтириб қолса, телефони ўғирлаб кетилса мижоз банкдан бутунлай узилади. Шу пайтда компьютер олдида ёки WIFI тармоғига уланган бўлса ҳам банкдан фойдалана олмайди!
Иккинчидан, Худога шукур ўзбекистонликлар четга тез-тез қатнашни бошлашди. Ўзбек тадбиркорлари Сан Францискога стартап қилгани, ўзбек саёҳатчилари Абу-Дабига концерт ва футбол кўргани боришмоқда. Лекин, +998 рақами у ўлкаларда ишламаса (ҳа, роуминг йўқ дейлик) банкининг иловасига кира олмайди, ўтқазмани ҳам қила олишмайди.
Учинчидан, чет элда узоқроқ муддатда бўлган ўзбекистонликлар ҳам бор. Лекин улар ўзбек банклари билан алоқани узмасдан тўловларни амалга ошириш, хизматлардан фойдаланишни хоҳлайдилар. Ҳозир 10 дақиқа олдин Кореяда таҳсил оладиган ёрдамчим билан гаплашиб қолдим, у ҳам ўзбек банкларидан СМС талаби деб фойдалана олмай қийналганини айтди.
Қандайдир қўлбола йўллар орқали ечимлар бу ечим эмас. Иловага кириш учун VPN'ни ёқиб Ўзбекистонни танлаш, банкдан келадиган смс учун +998 рақамини мунтазам равишда роуминг билан ёқиб юриш каби ечимлар (мен шундай қиламан) бу муаммони янада кўпайтиради. Ёки, банкингизни ўзгартиринг дейишади менга.
...
Кўчада 2025 йил. Биз эса ҳалиям банкимиз иловасига кира олмаймиз, тўловни тасдиқлай олмаймиз. Кириш учун код учинчи шахсларнинг қўлида (қариндош, дўст ёки телефонни ўғирлаган фирибгарда). Муаммони бир дастурчи 2 қатор код ёзиб ҳал қилса бўлади. Лекин, қилмаслиги сабаби буни ҳеч ким тушунмаслигидами, хоҳламаслигидами ёки қандайдир талабми. Билмайман".
Барака топгур ҳалол-пок бонкирлар, ўзбек банклари ҳавошка эмаску мижозларига кўндаланг қўйган. Биламан, айрим банкларда ҳам телефон, ҳам e-mail орқали тасдиқлаш коммуникацияси мавжуд. Лекин шулар ҳам потенциал мижозларига иловалари имкониятларини етказиб бера олмаган. Регулятор шундай талабни қўйишини кутмай ҳам бажарса бўлади, ахир бу сизнинг фойдангиз бўлади.
- https://t.me/uzbekonomics/1413@uzbekonomics
- https://t.me/iqtisodchi_kundaligi/3624@iqtisodchi_kundaligi