Ўзбекистон почтаси хусусийлаштирилдими ёки йўқми? Давактив, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги нима дейди?
Ўзбекистон почтаси давлат улушининг хусусийлаштирилгани масаласида баёнот берган. Эмитент баёноти "Ўзбекистон почтаси" АЖга инвестицияларни жалб қилиш бўйича" деб номланади. Инвестицияларни фаол жалб қилиш учун айнан қайси инвестор билан ишлаётганилгани айтилмаган.
Қизиқ тарафи, компаниянинг ўзи хусусийлаштирилгани ҳолатини рад этмаган, лекин тан ҳам олмаган равишда йирик инвесторни жалб этиш билан боғлиқ ўзгаришлар юз берган тақдирда «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун талабларига мувофиқ тегишли маълумот расмий тарзда ошкор қилинишини таъкидлаган. Лекин амалда Ўзбекистонда АЖлар фаолиятига оид муҳим фактлар бир неча марта кечиктириб эълон қилингани ёки умуман эълон қилинмаслиги одатий ҳолат ҳисобланади (Ўзбекнефтегазга тегишли UNG Petro ва Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи яширинча хусусийлаштирилганида бу ҳақда ахборот ошкор этилганмиди? Ёки бўлмаса газ бассейн UzGasTrade муҳим фактларини ошкор этадими?). Қўшимчасига, хусусийлаштириш битими имзолангандан кейин ҳам тўлов амалга оширилмагунча ёки бўлиб тўлаш, инвестиция шартлари бажарилмагунча акциядорларнинг амалдаги таркиби ўзгармай қолаверади (Ипотекабанк мисол ёки Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи).
Иккинчи қизиқ ҳолат, Давактив ўз анъанасига кўра ва яна ҳар доим очиқликка даъво қиладиган Иқтисодиёт ва молия вазирлиги сукут сақлашда давом этаётгани билан боғлиқ. Тасаввур қилинг, Humo тўлов тизими ёки Ипотекабанк хусусийлаштирилгани ҳолати бўйича Humo ёки Ипотекабанк ижрочи органи баёнот бериб турса. Акциялар ижрочи органга эмас, Давактив ва Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тегишли. Демакки, баёнотни компания устидан назорат ва мулкчилик ҳуқуқини ифода этадиган акциядорлар, ҳеч бўлмаганда, ҳукумат вакиллари ўтирган Кузатув кенгаши бериши керак.